09.05.2018
Бугун мамлакатимизда “9 май умумхалқ байрами – Хотира ва қадрлаш куни” сифатида кенг нишоланади.
Инсон, миллат ва халқ тарихий хотира туйғуси билан барҳаётдир. Хотира – кечаги ўтмишни, аждодлар ўгитини, миллий меросимизни англатиб турувчи – муқаддас китоб зарварақларидек ҳаётимизни ёритиб туради. Қадр – инсонни юксакликка кўтаради, унинг фаолиятига, орзу-интилишларига, мақсад-маслакларига олижаноблик бағишлайди.
Букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб, ўз ҳаётини азиз Ватанимизнинг ҳар томонлама равнақ топиши, бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жонини фидо қилган аждодларнинг муқаддас хотирасини ёд этиб, эзгу ишларини давом эттириш, сафимизда юрган кексаларни эъзозлаш – одамийликнинг энг олий меъзони ва бизга тинчлик, омонлик керак, деб яшайдиган бағрикенг ва олижаноб халқимизга хос азалий қадриятдир.
Истиқлол халқимизга, миллатимизга қадриятларини, ўзлигини, ўз хотирасини, миллий ғурурини қайтарди. Мана шу уч сўз – ўзлик, хотира ва ғурур ҳақида ўйлаганимизда мустақилликнинг нақадар улуғ ва азиз неъмат эканлигини яна бир бор ҳис этамиз.
Бугунги айёмда аждодларимиз хотирасини ёд этиш, эзгу ишларини давом эттириш, элу юрт тинчлиги ва равнақи йўлида хизмат қилган кексаларни эъзозлашдек маънавий қадриятларимиз яна бир бор намоён бўлмоқда, десак янглишмаймиз.
Барча юртдошларимизни бугунги айём билан муборакбод этамиз.
Ўтганларнинг охирати обод бўлсин!