16.11.2019
“Қўқон-1912” футболчилари навбатдаги 24 тур учрашувини ўз майдонида Олмалиқнинг “АГМК” жамоасига қарши ўтказади. Ушбу учрашувга Тошкент шаҳрида тайёргарлик олиб бораётган Азиз Тўхтабоев шогирдлари 14 ноябрь куни дам олишди ва Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Саудия Арабистони термасига қарши учрашувни стадиондан томоша қилишди.
Кечадан “шунқорлар” яна машғулотларни давом эттиришди. “Тўқимачи” стадионида бўлиб ўтаётган машғулотларга Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси йиғинидан қайтган Хожимат Эркинов қўшилди. Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамолари таркибида бўлиб турган Мурод Холмуҳаммедов ҳамда Ойбек Рустамовлар 20 ноябрь кунидан жамоа ихтиёрига етиб келишлари кутилмоқда.
Футболчиларимизнинг Тошкент шаҳридаги машғулотлари 19 ноябрь кунига қадар давом этиши режалаштирилган.
“Қўқон-1912” – “АГМК” учрашуви 23 ноябрь куни Қўқондаги “Марказий” стадионида, соат 14-30 да бошланади.