13.12.2019
Хабарингиз бор, халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда, футбол учрашувлари вақтида адолат ва шаффофликни таъминлаш мақсадида Ўзбекистонда ҳам VAR (Video Assistant Referee – видео ёрдамчи ҳакам) тизимини жорий этиш кўзда тутилмоқда.
Бу мақсадда ЎФА кенг кўламли ишларни бошлаб юборган. Бугун ЎФА ҳамда Ўзбекистон МТРКнинг спорт канали мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи Қўқондаги “Марказий” стадионига ташриф буюрди. Ташрифдан мақсад стадионимиздаги телетрансляциялар ҳамда VAR тизимини ишлатиш учун яратилган шароитларни кўздан кечириш ҳамда бу борада стадион ва клуб ходимлари билан суҳбат ўтказиш эди.
Меҳмонлар “Марказий” стадионда VAR тизимини ишга солиш учун қилиниши лозим бўлган ишлар борасида ўз мaслаҳатларини беришди. Шунингдек VAR тизимида кўплаб камералар билан ишлаш учун қўшимча қулайликлар яратиш, видео ёрдамчи хакам учун алоҳида хона ажратилиши лозимлиги борасида стадион раҳбарияти билан суҳбат ўтказдилар.
Спорт телеканалининг трансляциялар бўлими бош режиссёри Жамолиддин Бобожонов стадионда камералар ўрнатиладиган махсус жойларни танлаш, уларни стандарт талаблар асосида жиҳозлаш бўйича таклифларини билдириб ўтди.