20.01.2020
Тошкент шаҳрида ўқув-йиғин машғулотларини олиб бораётган “Қўқон-1912” жамоасининг тайёргаралик режасига бироз ўзгартиришлар киритилди.
Дастлабки режага кўра “шунқорлар”нинг Тошкентдаги йиғини 21 январь куни якунланиши лозим эди. Энди эса йиғин 22 январь куни ўз якунига етади.
Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги мураббийлар штаби жамоа кўригида бўлиб турган барча футболчиларни майдонда синаб кўриш, уларга ўзларини кўрсатишлари учун имкон бериш мақсадида яна иккита назорат учрашувини ўтказишни мақсад қилишди.
Футболчиларимиз 21 январь куни Тошкентнинг “Оқтепа” жамоаси билан ўртоқлик ўйинида майдонга тушишади. Бу учрашув “Бунёдкор” академиясига қарашли стадионда, соат 11-30 да бошланиши режалаштирилган.
Бахтиёр Ашурматов шогирдлари 22 январь куни Наманганнинг “Навбаҳор” жамоасига қарши ўртоқлик ўйинида ҳам майдонга тушишади. Ўзига хос “водий дерби”сининг бошланиш вақти ҳамда учрашув ўтадиган стадион ҳақида кейинроқ батафсил хабар берамиз.