14.03.2020
Coca Cola Суперлига 3 – тур доирасидаги “Қўқон-1912” – “Сўғдиёна” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз устози Бахтиёр Ашурматов қатнашди.
– Бугунги ўйин охирига қадар ҳис-ҳаяжонга тўла бўлди. Ҳар икки жамоа шиддатли ўйин намойиш этишди. Бош мураббий Улуғбек Бақоев футболчилик пайтида ҳам шундай тиришқоқ ва охирига қадар курашарди. Ўйиндан олдин шогирдларимга шуни бир неча бор таъкидладим.
Муҳим бўлган уч очкони қўлга киритдик. Ўйин учун «Сўғдиёна” футболчиларига ҳам раҳмат айтаман. Улуғбек Бақоев шогирдлари охирига қадар кураш олиб боришди.
Бугун иккита бир-бирига муносиб рақиблар майдонда ҳаракат қилишди. Ўйлайманки бугунги ўйин стадионга келган мухлисларга манзур бўлди.
Ўйиннинг сўнгги дақиқаларида ҳаяжонларга бой бўлди. Бир киши кам бўлиб қолганига қарамай рақибларимиз охиригача курашишди.
Бу футбол – ҳакамлар ҳам инсон ва хатолардан холи эмас. Уларнинг ишларига баҳо берадиган қўмита бор.
Райевацнинг ўзига бўлган ишончи юқори бўлгани учун уни асосий таркибга қўйдим ва у ишончни оқлаб ғалабамизга муносиб ҳисса қўшди. Бамба борасида ҳам шундай фикр билдиришим мумкин. Умуман бугун бутун жамоа яхши ўйнади.
Жамоамиз раҳбарларига жамоамиз номидан миннатдорчилик билдираман. Улар бизга керакли барча шароитларни яратиб беришмоқда. Уларнинг юзлари ёруғ бўлиши учун ҳам бугун ғалаба қозонишимиз шарт эди. Бундай шароитлар билан жамоамиз ўз олдига босқичма-босқич юқори мақсадларни қўяса бўлади.
Мухлисларимиз ҳам доимо бизни қўллаб-қувватлаб келишмоқда. Бунинг учун уларга ҳам миннатдорчилик изҳор этаман.