17.04.2020
15-мавсумда кучлилар сафида иштирок этаётган «Қўқон-1912» жамоаси Ўзбекистон чемпионатларидаги 431-ўйинда майдонга тушган.
Шуларнинг 153 тасида жамоамиз ғалаба қозонган. 68 учрашувда ғолиб номи аниқланмаган. 210 та ўйинда мағлубиятга учраган. Тўплар нисбати 573 – 776. Умумий очколар 527 тани ташкил этади.
Жамоамизнинг юбилей учрашувлари ҳақида маълумот берамиз. Қўқонликлар ўша пайтда жамоамизнинг номи – “Темирйўлчи” бўлган) Ўзбекистон чемпионатида биринчи тарихий учрашувни 1992 йил 28 март куни Тошкентнинг “Пахтакор-79” (кейинчалик ушбу жамоа номи МҲСКга айлантирилган), жамоасига қарши ўтказишган. Ўша баҳсда қўқонликлар 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишган. Бу эса жамоамизнинг чемпионатлар тарихидаги биринчи ғалабаси сифатида ҳам тарихдан ўрин олган.
Жамоамизнинг яна бир тарихий ўйини 1995 йилга тўғри келади. Аниқроғи, “Қўқон-1912” жамоасининг 100-учрашуви Тошкентнинг МҲСК клубига қарши баҳсга тўғри келмоқда. Энг қизиғи, чемпионатдаги биринчи учрашувимиз ҳам айнан шу жамоага қарши ўтказишганди.
Жамоамизнинг 100-голи 1994 йилги мавсумнинг 11-турида “Пахтакор”га қарши кечган баҳсда урилган. “Пахтакор” га қарши учрашувнинг 10-дақиқасида Мухтор Қурбонов рақиблар дарвозасига гол киритиб, “Қўқон-1912” жамоасининг 100-голига муаллифлик қилди. Ўша ўйинда жамоамиз 3:1 ҳисобида ғалаба қозонган.
“Қўқон-1912” жамоасининг чемпионатдаги 200-учрашуви 2000 йилги мавсумга тўғри келмоқда. Ўша куни қўқонликлар Нукуснинг “Турон” жамоасига қарши майдонга тушишган.
Яна иккита юбилей учрашувлари АГМКга қарши кечган баҳсларга тўғри келди. 2015 йилда 300-, 2018 йилда 400-учрашувни олмалиқликларга қарши ўтказганмиз.