07.07.2020
Бундан бир неча дақиқа олдин Coca Cola суперлигаси 8-тур доирасидаги жамоалари ўртасидаги учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув вакилларимизнинг фаоллиги билан бошланди. Илк дақиқалардан футболчиларимиз ҳужумга зўр беришди. 5-дақиқада Мурод Холмуҳаммедовнинг жаримадан йўллаган зарбаси бироз юқоридан кетди. 8-дақиқада майдон эгалари бурчак зарбасини амалга оширишди. Бироқ ҳимоячиларимиз хавфни бартараф этишди. 11-дақиқада Шоҳназар Норбеков рақиб дарвозабони билан бирга-бир чиқиб бораётган эди. Уни қўполлик билан тўхтатиб қолишди. Холмуҳаммедовнинг зарбаси кучли ва аниқ чиққан эди. Султонов тўпни қийинчилик билан бартараф этди. 23-дақиқада футболчиларимиз ижросида яна бир хавфли вазиятни вужудга келтиришди. Қувондиқ Рўзиевнинг зарбаси юқоридан кетди. 29-дақиқада қулай имкониятни қўлдан бой бердик. Бердиевнинг узатмасидан сўнг Райевац боши билан зарба йўллаган эди. Зарба кучсиз чиқди. 39-дақиқада бурчак зарбасидан сўнг мезбонларнинг зарбасини аввалига дарвоза устуни, сўнгра эса дарвозабонимиз қайтариб қолди. 44-дақиқада жарима зарбасидан сўнг Норбековнинг боши билан берган зарбаси юқоридан кетди. Танаффусга жамоалар шу ҳисобда чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим ҳам худди биринчиси каби шиддатли ҳужумлар остида бошланди. 53-дақиқада ҳаволатиб узатилган тўпни Раҳмонов узоқдан боши билан дарвозага тушириб қўйишига сал қолди. 54-дақиқада майдон эгалари ҳисобни очишди. Элгужа Григалашвили дарвозабонимиз билан бирга-бир вазиятга чиқиб борди ва имкониятдан унумли фойдаланди. Орадан икки дақиқа ўтиб мезбонлар томонидан дарвозамизга даҳшатли гол урилди. Майдон марказидан Санжар Турсунов дарвозамизни ишғол қилди. Санжар Турсунов дарвозабонимизни олдинга чиқиб кетганлигини кўриб қолди ва майдоннинг АГМК жамоаси жойлашган томонидан зарба йўллаб ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди. 65-дақиқада футболчиларимиз жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Зарбани эса рақиб дарвозабони аранг қайтариб қолди. 72-дақиқада Шоҳназар Норбеков ўнг қанотдан жарима майдончасига кириб жуда яхши узатмани амалга оширган эди. Тўпга оёғини қўядиган футболчи топилмади.
90-дақиқада захирадан майдонга тушган Якуба Бамба ҳисобни қисқартирди.
Қолган дақиқаларда футболчиларимиз ҳарчанд ўринишмасин, ҳисобни ўзгартира олишмади ва шу тариқа, вакилларимиз Олмалиқда мағлубиятга учрашди.
Coca Cola суперлигаси
8-тур
АГМК – “Қўқон-1912” – 2:1 (0:0)
Ҳакамлар: Темур Тўхтасинов, Анвар Маражабов, Зиёдулла Абдураҳмонов, Ғайрат Жўраев.
Назоратчи: Дмитрий Роман.
Комиссар: Ахмед Тиллаев.
Голлар: Элгужа Григалашвили (54), Санжар Турсунов (56). – Якуба Бамба (90).
АГМК: 32. Суҳроб Султонов, 4. Миржамол Қосимов (77. Арслонмират Аманов -61), 6. Эркин Байдуллаев, 7. Элгужа Григалашвили, 17. Санжар Турсунов (10. Шаҳзод Нурматов – 87), 18. Баҳром Абдураҳимов (88. Игорь Зонич-69), 20. Мирғиёс Сулаймонов, 21. Мате Ватсадзе (9. Зафар Полвонов – 61), 23. Йован Жокич, 31. Сайдулло Раҳматов (3. Сардор Раҳмонов – 46), 44. Бобур Йўлдошев.
Захира: 35. Валижон Раҳимов, 2. Акмал Шораҳмедов, 5. Дилшод Жўраев, 11. Мурод Тошматов.
“Қўқон-1912”: 1. Ботирали Эргашев, 3. Бобуржон Акбаров, 7. Шоҳназар Норбеков, 9. Суҳроб Бердиев (22. Муҳаммаданас Ҳасанов – 65), 10. Қувондиқ Рўзиев (91. Якуба Бамба – 84), 15. Ойбек Рустамов, 20. Иқбол Маликжонов (17. Музаффар Музаффаров – 57), 23. Александр Мерзляков (8. Суҳроб Нуруллоев -84), 33. Иван Йосович, 69. Филип Райевац (19. Ҳамидилло Абдуҳамидов – 65), 70. Мурод Ҳолмуҳаммедов.
Захира: 21. Музаффар Абдуллаев, 4. Собит Синдаров, 13. Сардор Азимов, 14. Авазхон Маматхўжаев.