19.07.2020
Аввал хабар берганимиздек “Қўқон-1912” жамоаси суперлиганинг навбатдаги тур учрашувини , ўз майдонида Тошкентнинг “Пахтакор” жамоасига қарши ўтказади.
“Шунқорлар”нинг бу учрашувга тайёргарлиги режа асосида давом этмоқда. Таркибда Отабек Ҳайдаров ҳамда Иван Йосовичларнинг жароҳати бор эканлиги ҳақида хабар берган эди. “Насаф” билан бўлиб ўтган жанговор ўйинда Сербиялик ҳужумчи Филип Райевац ҳам жароҳат олган. Шифокорларимиз Райевацнинг жароҳати унчалик жиддий эмаслигини таъкидлашмоқда. Бошқа барча футболчилар соғлом ва улар машғулотларда астойдил тер тўкмоқдалар.
Ҳозирги кунлардаги юртимизда бўлиб турган эпидемиологик вазиятдан келиб чиқиб чиқиб “Қўқон-1912” жамоаси раҳбарияти жамоа ичида карантин талабларини кучайтиришган. Барча футболчилар жамоа қароргоҳида тўпланишган. Бош мураббийнинг рухсатисиз , уйга бориш , кўчага чиқиш, бегона шахслар билан мулоқотга киришиш тақиқланди. Жамоа шифокорлари кунига 3-4 маҳалдан барча жамоа аъзоларининг тана ҳароратини ўлчаб саломатликларини назоратга олиб туришибди. Машғулотларга асосий таркиб футболчилари ҳамда мураббийлардан бошқа шахсларни келмасликлари қатъий назоратга олинган. Жамоа аъзоларининг ўзаро қўл бериб ёки қучоқлашиб саломлашишлари тақиқланди. Футболчиларнинг ичадиган сувларига ҳам уларнинг рақамлари ёзиб қўйилмоқда. Ётоқхоналар, ошхона, стадион ва барча инвентарлар тез-тез дезинфекциядан ўтказилмоқда.
“Қўқон-1912” футбол клуби барча юртдошларимизни карантин қоидаларига оғишмай амал қилишга чақиради !
Қуйида “шунқорлар”нинг кечаги машғулотларидан олинган суратларни эътиборингизга тақдим қиламиз.