Қувондиқ РЎЗИЕВ: «Футболимиз ўсяпти, бироқ…»

24.07.2020

«Қўқон-1912» жамоаси жорий мавсум маҳсулдорлик бобида чакки кўринмаяпти. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари 9та ўйинда 17та гол уришди. Бу Суперлигадаги иккинчи юқори кўрсаткичдир. Хуллас, қўқонликлар гол уриш бобида фақат «Пахтакор»дан ортда қолишмоқда, холос. Жамоанинг етакчи ўйинчиларидан бири Қувондиқ Рўзиев ҳозирча 1-турда урган 1та голи билан чекланиб турибди, лекин бу унинг мураббийлар ишончини оқлолмаётганини англатмайди. Бинобарин, Қувондиқ майдонда имкон қадар эффектли ҳаракатланмоқда.

– Бутун дунёни хавотирга солиб турган пандемия туфайли юртимизда ҳам карантин қоидалари қайта кучайтирилди. Бунинг ортидан Суперлиганинг навбатдаги 3та турини Тошкентда марказлашган тизимда ўтказиш варианти юзага келди, бу кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Қизиқ, футболчилар бу борада қандай фикрдалар? Шахсан сиз водий клуби аъзоси сифатида нима дейсиз?

– Менимча, биринчи галдаги масала – футболни тўхтатиб қўймаслик ва учрашувларни бехавотир ўтказиш. ПФЛда биздан кўра кўпроқ бош қотираётган кишилар ишлашмоқда ва ўйлайманки, улар барча омилларни ҳисобга олишади. Билишимча, Осиёнинг баъзи лигаларида худди шу тартиб қўлланилиши мумкин. Умуман, ўйинлар тўхтаб қолмаслиги йўлида изланаётган мутасаддилар ўртага ташлаган вариантдан фожеа ясаш керак эмас. Лекин бунда ҳар бир иштирокчи жамоанинг ёндашувидан келиб чиқиб, қарор чиқариш мақсадга мувофиқ.

– Умуман, карантин давридаги ўйинлар қандай таассурот қолдирмоқда?

– Гарчи бўш трибуналар остида ўйнаётган бўлсакда, Суперлигада кураш анча жиддийлашгани яққол сезилмоқда. Ўйинлар ҳам мазмунли ўтмоқда. Масалан, лига етакчиси «Пахтакор» рестартдан кейин муҳим очколарни йўқотди, АГМК эса ҳамон мағлубиятсиз одимламоқда. «Навбаҳор»га қаранг, бу жамоа мухлисларсиз ҳам яхши ўйнай олишини исботламоқда. Ваҳоланки, кўпчилик Наманган клубининг асосан мухлислар далдаси билан натижа қайд этишини таъкидларди. «Қўқон-1912» ҳақида ҳам илиқ фикрлар айтиш мумкин.

– Лекин жамоангиз Қўқондаги кетма-кет ғалабалардан кейин сафарда АГМКга ютқазди. Олмалиқда сизларга нима етишмади?

– Ўз майдонимизда расмийлаштирилган кетма-кет 3та ғалаба кучимизга ишонч ҳиссини янада оширгани тайин. Бу ўйинлар пандемия туфайли юзага келган танаффусдан кейин жисмоний тайёргарликни бир маромга солишда ҳам ниҳоятда фойдали бўлди. АГМКга қарши кечган учрашувни олсак, менимча, рақибга муносиб кураш тақдим этдик. Фақат битта жиҳат – Олмалиқ клуби таркибида етук ижрочилар кўплиги ва захира ўриндиғининг нисбатан «узун»лиги ўз сўзини айтди. Бундай ўйинларда кичик деталлар ҳам кўп нарсани ҳал қилиши ҳеч гап эмас. Санжар Турсуновнинг голи фикримни тўлиқ тасдиқлайди. Хуллас, АГМК фақат топ-даражадаги ижрочилар ва омад эвазига ғалаба қозонди.

photo_2020-06-20_14-41-23

– Турсуновнинг голи. Кўпчилик буни йил голи сифатида тилга олмоқда. Бунга нима дейсиз?

– Аввало, айтишим керак, бу голда дарвозабонимиз Ботирали Эргашевни айбламаслик керак. Чунки ижро ниҳоятда мукаммал чиқди. Тўп тепилган паллада ҳаттоки, рақиб ҳужумчилари ҳам майдоннинг иккинчи ярмида эдилар. Бундай голлар футболда камдан-кам учрайди. Масалан, Суперлигада олдин бунақаси бўлганини эслолмайман. Тўғри, Лига кубоги баҳсида жамоадошим Мурод Холмуҳаммедов шунга ўхшаш гол урганди. Демак, бизнинг футболчилардан ҳам шедевр голлар кутсак бўлади. Эҳтимол, Турсуновнинг голи чиндан ҳам, йил якунида энг чиройлиси сифатида тан олиниши мумкин. Лекин олдинда ҳали ўйинлар кўп ва бунданда чиройли голлар кўришимиз ҳеч гап эмас. Тўғри, ортда қолган учрашувларни назарда тутсак, Турсунов дарҳақиқат, энг чиройли гол муаллифига айланди.

– Ўтган йилги натижалар билан таққослаганда, жамоангизнинг ҳозирги кўрсаткичлари чакки эмас. Қизиқ, мавсум бошида қўйилган вазифа қандай эди-ю, ҳозиргиси қандай?
– Биринчи навбатда, бош мураббий Бахтиёр Ашурматовнинг таркиб ўзагини сақлаб қолишга эришганини айтишим ўринли. Қолаверса, йигитларга 9-10-ўринлар эмас, анча юқорига интилиш зарурлигини уқтирди. Аслида йил бошида раҳбарият олдимизга кучли олтиликка кириш вазифасини қўйганди. Лекин биз – йигитлар кўрсатаётган ўйинимиз ҳамда таркибимиздан келиб чиқиб, янада юқорироқ ўринлар учун курашишга келишиб олдик. Бунинг учун жамоамизда ҳаммаси етарли – маҳорат ҳам, тажриба ҳам, иштиёқ ҳам. Фақат бир ёқадан бош чиқариб, мураббийлар кўрсатмасига тўлиқ амал қилсак, кўзланган маррага етишимиз мумкин. Умуман, «Қўқон-1912» нега энди кучли тўртликка интилмаслиги керак? Агар худди шундай ёндашувда бўлсак, дуч келган рақибни енга оламиз.

– Вилоятингиз бош жамоаси – «Сурхон» 2 йилдан буён элитада ўйнамоқда, сиз эса ҳамон «Қўқон-1912»дасиз?

– Қанча кўп маблағ топишингизга қарамай, ишингиздан қониқмасангиз, ҳеч нарса татимайди. Аслида «Сурхон» ва «Қўқон-1912» савия бобида бир-бирига яқин жамоалар. Шундай экан, ҳозир Термизга қайтиб янги муҳитга мослашишга вақт сарфлашдан кўра, Қўқонда қолганим яхши. Бинобарин, бу ерда озми-кўп мухлислар ортдирдим, асосийси, жамоадаги йигитлар билан худди бир оиладек аҳилмиз. Хуллас, айни пайт «Сурхон»га боришдан маъно кўрмаяпман. Ўз олдига муайян мақсад қўйган, дейлик, ОЧЛда ўйнашни режалаштираётган клубдан таклиф тушса, бу бошқа масала.

photo_2020-07-10_22-02-22

– «Пахтакор» академияси тарбияланувчиси ҳисобланасиз. Айтингчи, сиз камол топган давр билан ҳозиргисини таққосласак, нималарда фарқ яққол кўзга ташланади?

– Кўз тегмасин, йилдан йилга футболимизга эътибор ошмоқда, шароитлар яхшиланмоқда. Ҳар ҳолда, биз ўқиган даврга нисбатан ҳозир шароитлар анча яхши. Қолаверса, болалар футболини юксалтириш борасида узлуксиз чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Эшитишимча, ҳар бир вилоятда футбол академияси тузиш борасида иш бошланибди. Албатта, бу қувонарли ҳол. Ахир дейлик, сурхондарёлик болалар нега энди футбол сир-асрорларини ўрганиш учун Тошкентда таҳсил олишлари керак? Ўйлайманки, ҳар бир ҳудудда етарли шароитларга эга академиялар барпо этилса, янгидан-янги Шомуродовлар, Машариповлар етишиб чиқаверишади. Ҳозир футболимиз ўсиш йўлида. Мана, янгича ғоя ва ўзгартиришлар амалга татбиқ қилинмоқда, футболга қараш ўзгармоқда. Умид қиламан, ёш авлодга яхши шароитлар яратилаётгани самарасиз кетмайди.

– Оғриқли масалалардан бири шуки, бунга қадар Осиё ва жаҳон чемпионатларида порлаган аксарият иқтидорларни йўқотдик. Демоқчиманки, агарда футболчи катталар доирасида ўзини кўрсатмас экан, унинг ёшликдаги натижалари тезда унутилади. Балки ёшлардан натижа талаб қилиш тўғри эмасдир… Эҳтимол, иқтидорларни эрта кунда моддий томондан рағбатлантирмаслик керакдир…

photo_2020-07-08_12-04-30

– Йўқ, ҳар бир инсон меҳнатига яраша рағбатлантирилиши керак. Жумладан, футболда ҳам. Иқтидорларнинг келажаги қандай бўлишида кўп нарса мураббийларга боғлиқ. Агарда мураббий маълум ютуқларни қўлга киритган шогирдларига талаб даражасида мотивация берса, ҳаммаси ҳали олдинда эканлигини тушинтира олса, улар машғулотларда янада жиддийроқ ишлашади. Оддий мисол, Дилшод Нуралиевни олайлик. 1994 йили туғилган футболчилар унинг қўл остида Осиё чемпиони бўлишди, жаҳон чемпионатида ўйнашди. Лекин Дилшод аканинг қўл остида ишлаган кейинги авлод, яъни 1996 йили туғилган футболчилар бугун «ака»ларидан ўзиб кетишди. Ҳар ҳолда, улар орасида миллий жамоа­га номзодлар кўп. Қисқаси, ҳаммаси мураббийнинг тўғри таълимотидан, менимча.

– Футболимиз ривожига паст назар билан қарайдиганлар ҳам бор…
– Ишонинг, футболимиз ёмон ҳолатда эмас. Шунчаки, буни натижа билан исботлаш қоляпти, холос. Футболимиз маълум вақт изланиш жараё­нини бошдан ўтказди. Терма жамоаларимизга турли мутахассислар олиб келинди. Ҳозир футболчилардаги ўсишни телеэкран қаршисида ўтириб ҳам пайқаш мумкин. Мана, легио­нерларимиз Ж.Корея, Беларусь, Россия чемпионатларида барқа­рор ўйнамоқдалар. Миллий жамоамизда ҳам стратегия ўзгарди. Оддий мисол, олдинлари Австралия термасига шунчаки, кучимиз етмасди. Охирги ўзаро қарама-қаршиликда эса тенг­ма-тенг ўйнадик, фақат пенальтилар серияси бўйича ютқаздик. Тўғри, масаланинг яна бир томонини унутмаслик керак – бизда ўсиш бор, лекин рақиблар ҳам қараб туришгани йўқ.

– Мамлакатимизда болалар футболини янада ривожлантириш учун қандай ишларга қўл уриш керак, сизнингча?

photo_2020-06-29_20-24-06

– Шахсан мен келажакда Сурхондарёда академия фаолиятини ривожлантиришга ҳисса қўшишни дилимга тугиб қўйганман. Очиғи, «Сурхон»нинг ҳозирги таркибида маҳаллий йигитлар жуда кам. Ниятим – келажакда академияда фаолият юритиб, шу бўшлиқни тўлдириш. Чунки иқтидорлар етарли, фақат уларга туртки керак. Эҳтимол, жойларда болаларни тарбиялашда кўпни кўрган таниқли футболчилар хизматидан фойдаланиш керакдир.

– Футболчи ва мураббийлардан нималарнидир талаб қилишни қо­йиллатамиз. Аслида эса мухлислик ва матбуот хизмати ҳам талабга яраша кучайиши керак…

– Тўғри фикр. Футбол мухлислар учун ўйналади. Бироқ жамоа ютиб турса, кўкларга кўтариб мақтайдиган, мағлубиятга учраса, тана тошларини отадиган мухлисларни тушунмайман. Кишини ранжитадиган томони, агар жамоа кетма-кет 2та ўйинда мағлубиятга учраса, айримлар шунчаки, футболчиларни ношудга чиқаришади, улардан воз кечиб қўя қолишади. Шунингдек, журналистлар савиясини ҳам ўстириш керак. Айниқса, Суперлигамиз ўйинларини шарҳлаётганлар орасида футбол суръатига мос тушмайдиганлар ҳам бор. Трансляция борасида эса эътироз йўқ. Авваллари фақат Тошкентдаги ўйинлар кўрсатиларди. Шукрки, энди барча ўйинлар жонли тарзда узатилмоқда. Яқин келажакда тасвир сифати ҳам яхшиланса, ажабмас.

Хуршидбек суҳбатлашди.
Манба: interfutbol.uz

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО