13.08.2020
Айни кунларда юртимиз футболида трансфер ойнаси очилган. Суперлига клубларининг таркибларида ўзгаришлар кузатилмоқда.
“Қўқон-1912” жамоасига дарвозабон Ислом Абдуллаев қайтгани ҳақида хабар берган эдик. Шунигдек ҳужумчи Отабек Ҳайдаров Яйпаннинг “Турон” жамоасига ўтганидан ҳам мухлисларимизнинг хабарлари бор. Бугун “шунқорлар” таркибини яна икки нафар футболчи тарк этди. Мавсум бошида жамоамизга келиб қўшилган иқтидорли ярим ҳимоячи Суҳроб Нуруллоевнинг хизматларига Самарқанднинг “Динамо” жамоаси жиддий қизиқиш билдирганлиги сабабли футболчи мавсумнинг қолган қисмини Самарқандликлар таркибида давом эттирадиган бўлди. Шунингдек Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасидан ижарага олинган ёш ҳимоячи Шодиёр Ҳожиматов яна “Нефтчи” таркибига бориб қўшиладиган бўлди. “Қўқон-1912” жамоаси раҳбарияти ҳамда мураббийлар штаби номидан ҳар икки футболчига жамоамиздаги фаолиятлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Уларнинг келгуси фаолиятларида улкан зафарлар тилаймиз.