18.08.2020
Coca Cola Суперлиганинг 10-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Пахтакор” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида “Пахтакор” бош мураббийи Шота Арвеладзе қатнашди.
– Авваламбор, шифокорларимизга катта раҳмат айтмоқчиман. Охирги бир ярим ой биз учун даҳшатли бўлди, раҳбариятга ҳам миннатдорчилик билдирмоқчиман. Улар коронавирус билан боғлиқ жиддий муаммоларимизга тезда чора кўришди. Бу очко тўплаш эмас, бу соғлиқ, бу ҳаёт. Барчани футбол қайтгани билан табриклайман. Биринчи ўйинни ўтказдик. Албатта, тайёрланиш жараёни қийин ўтди, тахминан 17 киши касалланганди. Кимдирда коронавируснинг енгил формаси, кимдирда бир оз оғирроқ формаси кузатилди. Ғалаба билан ҳам, касалликни енгиб ўтишгани билан ҳам йигитларни табриклайман. Улар бугун чиройли ўйин кўрсатишди ва муносиб ғалабага эришдилар. Умид қиламанки, кейинги ҳаётимиз тўхтаб қолмайди ва барчаси яхши бўлади. Нафақат футболчилар, уларнинг оиласи, барча мухлислар соғ бўлишсин.
Ҳар уч кунда ўйнаш осон эмас. Тикланиш ва кейинги ўйинларда майдонга тушиш керак. Олдинда уч қийин баҳс кутмоқда. Кимдир ўзини яхши ҳис этмаса, бунга чора кўрамиз. Ҳозир ҳаммаси яхши, бугун бешта ўзгаришга қўл урдик. Ишонаманки, бундан кейин ҳам барчаси яхши бўлади. Қатарга қандай ҳолатда борамиз, ҳозирча номаълум. Бизни олдинда “Насаф”, “Локомотив” ва “Андижон”га қарши 3 та қийин ўйин кутяпти.
Жавоҳир Сидиқовни барча яхши кўради. Сидиқов оғир жароҳатидан тузалди ва охиригача тикланди. Ҳали унинг вақти келади ва ўз даражасини кўрсатади.