18.05.2021
Бугун Coca-Cola суперлигасида 9-тур учрашувлари давом эттирилди. “Қўқон-1912” жамоаси ўз майдонида “Сўғдиёна” жамоасини қабул қилди.
Учрашувни фаол тарзда бошлаган футболчиларимиз илк ҳужумдаёқ рақиб дарвозасини ишғол этишди. Бурчак зарбасидан кейин Сардор Азимов ҳисоб очувчи голга муаллифлик қилди. Сардор Азимов ушбу мавсумдаги чемпионат доирасида ўз майдонимиздаги биринчи голни киритган футболчи сифатида тарихда қолди. У жамоамизнинг ўз майдонидаги 270 дақиқалик голсиз сериясига барҳам берди. 21-дақиқада жиззахликлар ҳисобни очишга жуда яқин келишди. Бобур Акбаров жамоамиз жонига оро кирди. 32-дақиқада меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришди. Ҳимоядаги хатодан сўнг, Жавоҳир Қаҳрамонов дарвозамизни ишғол этди. 35-дақиқада Жамшид Болтабоев рақибларни олдинга олиб чиқди. 36-дақиқада Жавоҳир Қаҳрамонов дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, учинчи голга муаллифлик қилди. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида Якуба Бамба рақиб дарвозасини ишғол этганди. Бош ҳакам ушбу вазиятда футболчимиз ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетди, деб ҳисоблади. Аммо VARга мурожаат этилгач, бош ҳакам майдон марказига ишора қилди ва голни инобатга олди. Танаффусга жамоалар шу ҳисобда чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимни вакилларимиз фаол тарзда бошлаганига қарамай, таймдаги биринчи хавфли вазият рақибимиз томонидан содир этилди. Лука Чермелнинг зарбасидан сўнг, дарвоза тўсини бизни голдан асради. 67-дақиқда захирадан майдонга тушган Ҳамиддуло Абдуҳамидов яхши имконияга эга бўлди. Унинг боши билан зарбасини рақиб дарвозабони катта қийинчилик билан қайтаришга эришди. 72-дақиқада вакилларимиз рақиб дарвозаси олдида жуда катта босимни юзага келтиришди. Рақибларимиз икки марта дарвозага кириб кетаётган тўпнинг йўлига туғаноқ бўлишди. 86-дақиқада захирадан майдонга тушган яна бир футболчи Сидоровнинг боши билан берган зарбаси кутилганидек чиқмади. Сўнгги дақиқаларда рақиб дарвозаси олида бир қатор вазиятларни юзага келтирган вакилларимиз ҳисобни тенглаштира олишмади. Хусусан, қўшиб берилган дақиқаларда Хамидулло Абдухамидов ўйин қаҳрамони бўлиши мумкин эди. Мерзляковнинг ажойиб узатмасидан сўнг Хамидиллонинг боши билан берган зарбаси салгина юқоридан кетди. Шу тариқа, голларга бой бўлган баҳсда рақибга имкониятни бой бердик.
Coca-Cola суперлигаси
9-тур
ҚЎҚОН-1912 – СЎҒДИЁНА – 2:3 (2:3)
Ҳакамлар: Илгиз Танташев, Андрей Цапенко, Тимур Гайнулин, Элёр Турсунов
Назоратчи: Валентин Коваленко
VAR ҳаками: Азиз Асимов
VAR ассистенти: Александр Сидоров
VAR назоратчи: Владислав Цейтлин
Оператор: Шерали Жоналиев
Техник мутахассис: Муҳитдин Қамбаров
Комиссар: Лазиз Қўчқоров.
Голлар: Сардор Азимов (1) Якуба Бамба (45+2) – Жавоҳир Қаҳрамонов (32, 36), Жамшид Болтабоев (35).
“Қўқон-1912”: 16. Элдор Адҳамов, 3. Бобур Акбаров (91. Якуба Бамба – 40), 7. Асадбек Собиржонов (22. Муҳаммаданас Ҳасанов -46), 10. Шоҳназар Норбеков (9. Ҳамидулло Абдуҳамидов – 62), 11. Мўмин Мелиев, 13. Сардор Азимов (99. Андрей Сидоров – 81), 14. Аваз Маматхўжаев, 15. Ойбек Рустамов (8. Фарҳод Бекмуродов – 40), 23. Александр Мерзляков, 33. Иван Йосович, 70. Мурод Холмуҳаммедов.
Захира: 46. Хуршид Хўжаев, 4. Илҳом Ваҳобов, 5. Славко Лукич, 20. Иқбол Маликжонов. “Сўғдиёна”: 27. Милан Митрович, 2. Сардор Қулматов, 5. Аюбхон Нўъмонов, 6. Искандар Шайқулов, 8. Жамшид Болтабоев (Элёр Орифов – 72), 10. Шохруз Норхонов (20. Баҳодир Насимов – 82), 11. Жасур Ҳасанов (28. Эргаш Исмоилов – 53), 19. Жавоҳир Қаҳрамонов (77. Саҳоб Рашидов – 82) 31. Лука Чермель, 63. Асил Бегимқулов (14. Даниэль Насриддинов – 72), 93. Марко Колакович.
Захира: 1. Ширинбой Абдуллаев, 37. Алишер Пирматов, 7. Арслонмурат Амонов, 9. Ойбек Нурматов.