18.05.2021
Coca-Cola суперлигаси 9-тур доирасидаги “Қўқон-1912” – “Сўғдиёна” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг иккинчи қисмида жамоамиз устози Бахтиёр Ашурматов қатнашди.
“Жуда ҳам мураккаб ўйин бўлди. “Сўғдиёна” жуда яхши шаклланган жамоа. Тан олиш керак биринчи таймда рақиб биздан устунлик қилди ва ҳимоядаги хатоларимиздан фойдаланишди. Тезкор гол урганимизга қарамай кетма-кет учта гол ўтказиб юбордик.
Иккинчи таймда вазиятлар яратдик, охиригача курашдик, афсуски футбол шундай бешафқат. Иккинчи таймдаги ўйинимиз орқали ҳеч бўлмаса дурангга лойиқ эдик. Йигитларимиз охиргача курашишгани учун мухлисларимиз уларни олқишлаб қўйишди.Шу ўринда мағлуб бўлишимизга қарамасдан бизга охиригача ишонган ва қўллаб турган мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман.
Асосий дарвозабонимиз Музаффар Абдуллаев жароҳат олганидан кейин ҳар ўйинда турли дарвозабонлар тушмоқда. Биринчи даврадан кейин Исломжон Абдуллаевни қайтариш имконияти бор, ёки Асилбек Амоновни таклиф қилишимиз мумкин. Асилбек йил бошида бизнинг жамоага келиши мумкин эди. Бироқ уч дарвозабон билан шартнома тузиб бўлгандик. Ёзда балки унинг вариантини яна кўриб чиқармиз.
Бобур Акбаров захирага олинганидан кейин жаҳли чиқди? Ўзим ҳам футболчи бўлганман, биринчи таймда захирага олиниш ҳеч кимга ёқмайди. Лекин 1:3 ҳисобида ютқазаётгандик ва таваккал қилишимиз керак эди. Биз танаффусда футболчилар билан гаплашиб олдик. Бобурнинг ҳаракати бироз хунук туюлгандир, лекин мен ундан хафа эмасман. Футболчилар ҳам биз каби ютқазишни исташмайди. Ўзгаришлар ўзини оқлади, ҳужумкорлик ортди. Иккинчи бўлимда ўйинга яхши қўшилиб кетган Абдуҳамидовнинг ўзида икки учта вазият бўлганди. Бироқ вазиятлардан фойдалана олмадик Битта ёқмаган жиҳат бу рақиб футболчиларининг майдонга ётиб олишлари бўлди, майли бу вазиятга тўхталиб ўтишни хоҳламайман. Мағлуб бўлдик ва айб ўзимизда.
Андрей Сидоровнинг потенциали юқори, лекин сўнгги йилларда ўйинида пасайиш бўлди. Уни мана шу “чуқурлик”дан олиб чиқиб кетсак жуда яхши ўйинлар намойиш этиши аниқ.
ФИФА кунлари муносабати билан тахминан 1 ойлик танаффус бўлади. Бундан унумли фойдаланишимиз керак. Режаларимизда “Турон” билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш бор. Кейинги режалар тасдиқлангач бу борада алоҳида хабар берамиз”