Бахтиёр Ашурматов вақтни чўзиш, Одил Аҳмедов ва Дилшод Раҳматуллаев ҳақида гапирди
the_title()

21.06.2021

Суперлиганинг 10-туридан ўрин олган “Локомотив” – “Қўқон-1912” (0:1) учрашувидан кейин меҳмонлар устози Бахтиёр Ашурматов ўз фикрларини билдирди.

“Локомотив” бу мавсум ўз олдига катта мақсадлар қўйган ва шунга яраша таркибини яхши футболчилар билан шакллантирган. Жамоа мавсумни муваффақиятсизлик билан бошлаганига қарамай, охирги турларда ўзини яхши томондан кўрсатаётган эди. Бугун жуда мураккаб ўйин бўлди.

Ўйинга қадар 7-ўринда тургандик, агар ютқазсак, 10-ўринга тушиб кетардик. Учрашув бошланишидан аввал йигитларга улар 10-поғонага муносибмасликларини тушунтирдим. Улар ҳам руҳан, ҳам жисмонан тайёр ҳолатда ўйинга чиқишди. Футболчилар охиригача курашиб, жанговар ўйин кўрсатишди. Шогирдларимни, раҳбарият ва мухлисларни ғалаба билан табриклайман!

– “Қўқон-1912” жорий мавсум сафар ўйинларида “Пахтакор” билан бирга барчадан яхшироқ натижа кўрсатяпти. Уйда эса бунинг тамоман акси – атиги 2 очко тўпланди. Бунинг сабаби нима?

– Чунки бизнинг майдонимизга келадиган жамоалар 2-рақамга ўтиб олишади ва қарши ҳужумларда имконият пойлашади. Биз шу туфайли позицион ҳужумларга зўр беришга мажбур бўламиз. Жорий мавсум шу туфайли қарши ҳужумлардан кўп гол ўтказиб юбордик. Бундан ташқари, Қўқондаги дуранг бошқа жамоалар учун ғалабага тенглигиниям таъкидлаш керак…

Сафарда эса тескари ҳолат юз беради. Бизда 2-рақам остида ўйнаш имконияти пайдо бўлади ва биз бундан унумли фойдаланяпмиз. Бугун ҳам қарши ҳужумлардан фойда чиқариш учун таркибга М. Ҳасанов ва Ш. Норбеков сингари тезкор футболчиларни киритгандик. Бу орқали “Локомотив”ни тезкор қарши ҳужумда ушлашга ҳаракат қилдик.

Қисқаси, бизга ҳозир 2-рақамда ўйнаш қулайроқ. Чунки ярим ҳимоямизда муаммолар бор. Мавсум аввалида тўпни жуда яхши назорат қиладиган Қувондиқ Рўзиев кетиб қолди (“Навбаҳор”га), Суҳроб Бердиев эса узоқ муддатдан кейин энди сафга қайтди. Суҳроб уйдаги ўйинларда ҳам асосий таркибда тушса, барчаси ўзгаради, деб ўйлайман.

– Нейтрал мухлисга қўқонлик футболчиларнинг бугунги ўйини ёқмади. Сабаби шундаки, шогирдларингиз 2-таймда жуда кўп вақт чўзиб юборишди…

– Мен бунга жуда қаршиман. Лекин, биз очко йўқотган ўйинларга назар солсангиз. Рақиблар бугунгидан 3 баробар кўпроқ вақт чўзишган. Афсуски, бу футболнинг бир қисми. Чунки Ўзбекистондаги шароит натижа учун ўйнашни тақозо қиляпти. Бироқ, бу футболнинг жозибасини ўлдиради ва мухлисларга ёқмаслиги табиий.

Масалан, “Сўғдиёна” билан ўйинда биз ҳужумлар қилдик, рақиб жамоа вақт чўзишга ҳаракат қилди. Кўп вақт йўқотилди, биз мағлуб бўлдик. Аммо, ўйин унутилади – натижа қолади. Юқорида айтганимдек, бугун натижа жуда муҳим эди. Мағлуб бўлса, қуйи поғоналарга тушиб кетардик. Футболчилар натижани сақлаб қолиш учун бироз вақт чўзишган бўлиши мумкин.

Аммо, кўпайиб кетди деб айтмаган бўлардим. Масалан, Бекмуродов йиқилган вазиятда шифокорлар унинг кўнгли айниётганини айтишди ва Фарҳодни захирага олдик. Дарвозабонга келсак, рақиб форварди билан тўқнашув юзага келса, дунёдаги исталган голкипер бундан фойдаланишга ҳаракат қилади. Агар қайсидир вазиятлар ёқмаган бўлса, мухлислардан узр сўраймиз.

– Бир ҳафтадан кейин “Насаф” билан ўйнайсизлар. Қарши жамоасига қарши ротациялар кўп бўладими?

– Бугун ўйнаган футболчиларга эътироз йўқ. Улар ғалаба учун борини беришди. “Насаф” билан учрашувгача анча бор. Биз таркибни ўйин куни футболчиларнинг ҳолати ва рақибдан келиб чиқиб танлаймиз.

– Мурод Холмуҳаммедов бир неча бор бурчак зарбаларини дарвозага йўналтирди. Бу футболчининг шахсий ташаббусими ёки сизнинг кўрсатмангиз?

– Бизда Ҳасанов ва Холмуҳаммедов каби стандарт вазият усталари бор. Ўйинга тайёрланиш жараёнида стандартлар масаласида алоҳида ишлаймиз. Уларга шундай кўрсатма берилган. Аммо футболчи вазиятдан келиб чиқиб, ташаббусини ўз бўйнига олиши ҳам мумкин.

– Мавсум бошланишидан олдин кетган Рўзиевнинг ўрни тўлдирилмагани ҳақида айтдингиз. Танаффусга оз қолди. Жамоага олиб келиш учун кимларнидир кўзлаб қўйдингизми?

– Қувондиқни гапирганимнинг сабаби унинг йўқлиги кўп ўйинларда сезилди. Биз қишда Дилшод Раҳматуллаев билан келишувга эришгандик. Аммо, охирида трансфер амалга ошмади. Ёзги трансфер ойнасида Дилшод таркибимизга қўшилиши керак. Чунки у билан оғизаки келишувимиз бор.

Афсуски, сўнгги йилларда футболимизда юқори техникали ўйинчилар камайиб кетди. Мана, “Локомотив” таркибида Жавоҳир Сидиқов бор. Биз бу футболчини ҳам таркибимизда кўришни хоҳлардик. Лекин, хоҳлаган ўйинчиларимизнинг барчасини таркибга жалб қилолмаймиз. Чунки уларнинг шартномаси бор.

Ҳозир олдимиздаги ягона вариант: агар “Металлург” қўйиб юборса, Дилшод Раҳматуллаев Қўқонга келади.

– Терма жамоамиз саралашнинг 2-босқичида қолиб кетди. Бу ҳақда 2 хил фикр билдириляпти. Кимлар футболимизнинг даражаси шу деса, бошқалар буни алдамчи ҳолатлиги ҳақида гапиряпти. Сизнинг фикрингиз?

– Барчамиз йигитларга мухлислик қилдик, дуо қилдик. Афсуски, муваффақиятсизликка учрадик. Мен аниқ айтишим мумкинки, бизнинг даражамиз бундан юқори. Чунки таркибимизда Шомуродов, Аҳмедов, Машарипов, Алибоев, Ашурматов, Шукуров синагари легионерлар бор эди. Мени ҳайрон қолдирган 2 жиҳат бор:

  1. Хўп, бош мураббий таркиб танлашда хато қилибди. Ўйинга қадар наҳотки унинг ёрдамчилари мутахассиснинг фикрини ўзгартира билмаган.
  2. Бу жиҳат мени бироз ранжитди. Йилнинг энг муҳим ўйинида барча бирлашолмади. Вадим Карленовичга ишониб топширдикми, уни охиригача қўллаб-қувватлашимиз керак эди. Аммо, муҳим ўйин олдидан айрим интервьюларда терма жамоа қайтгач, Абрамов ўзгартирилиши ҳақида гапирилди. Унинг ўрнига даъвогарлар ҳам тайёрлигини айтди. Бу жиҳатлар мураббийнинг кайфиятига салбий таъсир қилади. Ҳозир барча уни айблаяпти. Аммо, айтишим мумкинки, ғалаба қозонишни энг кўп хоҳлаган киши Вадим Карленович эди.

– Терма жамоамизнинг сўнгги 10 йилдаги етакчиси фаолиятини якунлади. Аҳмедовнинг ўрнини етакчи сифатида яқин йилларда ким боса олади?

– Одил Аҳмедовнинг ватанпарварлигига қойил қолиш керак. У Саудия Арабистони билан ўйиндан олдин захирада ўтиришга тайёрлигини ҳам айтган. Аммо, мураббийлар уни бир неча ойлардан бери ўйнамаган позициясига туширишди. Мухлислар ундан норози бўлмасликларини сўрардим. Чунки Одил бу вазиятда айбсиз айбдор бўлиб қолди. Унинг келажакдаги фаолиятига омад тилайман. Соғ ва саломат бўлсин.

Манба : championat.asia

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО