16.08.2022
Coca Cola суперлигасининг 16-туридан ўрин олган “Қўқон-1912” – “Навбаҳор” жамоалари ўртасидаги баҳсдан сўнг ўтказилган матбуот анжуманининг биринчи қисмида, меҳмонлар устози Самвел Бабаян иштирок этди.
— “Қўқон-1912″га қарши ўтадиган дербилар ҳамиша қизиқарли ва муросасиз тарзда кечади. Бугунги учрашув ҳам бундан мустасно эмас. Натижа ва сифатга келсак, ўйинимиздан қониқмадик. Рақибга жуда кўп имконият тақдим этдик. Натижа бизга манзур келмади. Чемпионатда оддий ўйинлар деярли йўқ. Фаворитми, аутсайдерми, фарқи йўқ, ҳамма учрашувлар курашларга бой бўлиб ўтмоқда. Бу бизга дарс бўлди. Ўйинни таҳлил қилиб чиқамиз. Рақиб имкониятига тўғри баҳо беришимиз керак.
–1996 йилда “Навбаҳор”да, кейин “Пахтакор”, Ўзбекистон терма жамоаси ва чет эл клубларида ишлагансиз. 1996 йил “Навбаҳор” чемпионликка эришган. Ҳозирги кунда “Насаф”, “Сўғдиёна” жамоалари билан бир қаторда жамоаларимизга 1-ўринни олиш учун нимадир етишмайди. Сиз нима деб ўйлайсиз?
– Ўйинларда барқарорлик етишмайди. Биз сифатли ўйин кўрсатамиз, лекин қоқилишлар рўй беради. Бугун негадир рақиб ўйинига тўғри баҳо бера олмадик. Тактик тарафлама баъзида ҳимояга ётишга ҳаракат қилдик ва вертикаль узатмаларни амалга оширдик, аммо бизда ижодкорлик кўринмади. Ҳар бир ўйинда максимал натижага эришиш учун барқарорлик етишмай қолади.
Азим Аҳмедов охирги ўйинларда деярли ўйнамаяпти. Унинг жароҳати бормиди?
– Ҳа, жароҳати бор эди. Секин-аста сафга қайтмоқда. У жамоа сардори ва асосий таркиб аъзоси. Унда жароҳат кузатилгани боис машғулотларда ҳам қатнашмаганди. Ҳозир тикланиб боряпти, шу туфайли майдонда кўриниш берди.
– “Навбаҳор” кейинги турда “Пахтакор”ни меҳмон қилади. Бу учрашувни “йил ўйини” деб таърифласак бўладими?
– Ҳали олдинда яна 10 та ўйин бор. Ўйлайманки, бу йилги чемпионат охирги турларгача ҳаммани ҳаяжонда ушлаб туради. “Пахтакор” ҳам бошқа рақибларимиз сингари жамоа саналади. Ҳар доимгидек тайёрланамиз.