24.03.2017
ЖЧ–2018 саралаши
6-тур
Сурия – Ўзбекистон 1:0 (0:0)
Гол: Омар Харбин (90+1, пенальти)
Сурия: Иброҳим Алма, Аҳмад Ал Солиҳ, Муайед Ал Ажжан, Омро Ал Миданий, Амро Жениат, Омар Ҳарбин, Маҳмуд Ал Мавас (Ал Хатиб), Фаҳад Юсуф (Ал Жафал, 76), Тамир Муҳаммад, Мардик Мардикян (Ал Накдали, 67), Холид Мобайад.
Ўзбекистон: Александр Лобанов, Егор Кримец, Марат Бикмаев (Александр Гейнрих, 77), Анзур Исмоилов, Жалолиддин Машарипов (Элдор Шомуродов, 55), Азизбек Ҳайдаров, Сервер Жепаров, Одил Аҳмедов, Темурхўжа Абдухолиқов (Игорь Сергеев, 64), Ислом Тўхтахўжаев, Давронбек Ҳошимов.
Огоҳлантиришлар: Амро Жениат (3), Ҳолид Мобайад (44), Омро Ал-Миданий (90+4) – Ислом Тўхтахўжаев (13).
Ўзбекистон терма жамоаси Сурияга қарши ЖЧ-2018 саралаш баҳсида жуда суст ҳаракат қилди ва мағлубиятга учради.
Аввало ҳар иккала терма жамоа иқлимга қарши курашишига тўғри келди. Ўйин бошланмасданоқ футболчилар ва мураббийлар терга ботиб бўлишганди. Бундай пайтда ўйинчилар катта куч билан ҳаракат қилишлари оғир кечиши тайин эди. Шу боис, жамоамизга стандарт вазиятлар ёрдамга келиши мумкин эди. Баҳснинг 3-дақиқасидаёқ Ўзбекистон жарима зарбасидан кейин ҳисобни очишга жуда яқин келди. Чап қанотда белгиланган жарима тўпини Жепаров рақиб дарвозасига олдига етказиб берди ва Исмоилов бош билан тўп йўналишини ўзгартиришга ҳаракат қилди. Тўп шундоққина олис устун ёнидан ўтиб кетди!
Терма жамоамиз навбатдаги хавфли вазиятни баҳснинг 14-дақиқасида яратди. Аҳмедовнинг узатмасидан кейин Машарипов чап қанотда бир ҳимоячини алдаб, жарима майдончасига кирди ва зарба берди. Зарба аниқ бўлди, аммо тўпни дарвозабон эгаллаб олди.
Қолган дақиқаларда футболчилари оғир ҳаракат қилишди. Бундан эса Сурия фойдаланишга ҳаракат қилди. Улар дарвозамиз олдида тахликали вазиятлар яратишди. Танаффусгача эса ҳисоб очилмади.
Иккинчи бўлим ҳам худди шундай давом этди. Тайм бошида бурчакдан етказилган узатмани Кримец бош билан дарвоза томон бурди, аммо ҳимоячи тўпни қайтариб қолди.
Ўйин тугаш арафасида сурияликлар қарши ҳужум уюштиришди ҳамда Кримец жарима майдончаси ичида Фирас ал Хатибни йиқитди. Бош ҳакам ҳеч иккиланмасдан дарвозамиз томон пенадьти белгилади. Пенальтидан Умар Харбин самарали фойдаланиб, Сурияга ғалаба келтирди.