Тайёргарлик жараёни доирасида “Насаф” жамоасидан термага чақирилган Одил Ҳамробековга дам беришга қарор қилинди. Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси қошидаги тиббиёт марказида текширувдан ўтган футболчига шифокорлар дам олишни тавсия қилди. Шу муносабат билан ярим ҳимоячи клуб ихтиёрига юборилди.
Японияда тўп сураётган Фозил Мусаев ва Қозоғистонда ўйнаётган Александр Гейнрих 3 июнь куни Тошкентга етиб келди. Хитой чемпионатида ҳаракат қилаётган Одил Аҳмедов 4 июнь куни терма жамоа ихтиёрига келиб қўшилади. Шу билан терма жамоага чақирилган барча футболчилар жам бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 6 июнь куни Тошкентда Таиландга қарши ўртоқлик ўйинида майдонга тушади. Беллашув “Бунёдкор” стадионида соат 20:00 да бошланиши режалаштирилган. Эронга қарши учрашув эса 12 июнь куни Теҳрондаги “Озоди” стадионида Тошкент вақти билан соат 21:45 да бошланади.