16.07.2017
Ўзбекистон U-22 терма жамоаси БААнинг Ал Айн шаҳрида старт олган U-23 ОЧ саралаш турнирини Ливан устидан қозонилган ғалаба билан бошлади.
15 июль куни БААнинг Ал Айн шаҳрида келаси йили Хитойда бўлиб ўтадиган U-23 Осиё чемпионати саралаши D гуруҳи учрашувлари старт олди. Дастлабки турнинг илк учрашувида саралаш мезбони БАА ёшлар терма жамоаси Непални йирик 5:0 ҳисобида мағлуб этди. Турнинг иккинчи учрашувида Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси Ливанга қарши майдонга тушди.
Учрашувнинг биринчи таймидаёқ Равшан Ҳайдаров жамоаси рақиб дарвозасига учта гол урди. Дастлаб, рақиб ҳимоячиси Файсал Ҳамис ўз дарвозасига тўп киритган бўлса, Бобур Абдуҳолиқов Ливан дарвозасини яна икки бор ишғол этди. Иккинчи таймда Ливан ёшлар терма жамоаси битта жавоб тўпини киритди ва учрашув Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Равшан Ҳайдаров бош мураббийлигидаги Ўзбекистон U-22 ёшлар терма жамоаси иккинчи турда 17 июль куни Непал ёшларига қарши майдонга тушса, Ливан ёшлари БАА ёшларига қарши баҳс олиб боради.
U-23 ёшлар ўртасидаги Осиё Чемпионати саралаши, “D” гуруҳи, 1-тур.
Ал Айн, БАА.
Танҳун бин Муҳаммад стадиони.
Ўзбекистон U-22 – Ливан U-22 3:1
Голлар: Ҳалил Ҳамис (20, автогол), Бобур Абдуҳолиқов (30, 39) – Ҳасан Ҳаммуд (58).
Ўзбекистон U-22: Дилшод Ҳамраев, Исломжон Қобилов, Достон Турсунов, Акром Комилов, Аббос Отахонов, Одил Ҳамробеков (68, Абдужамол Исроилов), Жавоҳир Сиддиқов, Азизжон Ғаниев, Бобур Абдуҳолиқов (78, Дониёр Нарзуллаев), Жасур Яхшибоев (89, Хуршид Ғиёсов), Забиҳилло Ўринбоев.
Иккала терма жамоа бош мураббийларининг учрашувдан сўнгги фикрлари:
Равшан Ҳайдаров, Ўзбекистон U-22 терма жамоаси бош мураббийи: “Бугунги ўйин учун футболчиларга миннатдорчилик билдираман. Футболчилар бироз ноқулай шароитларга қарамай ҳақиқий шижоат ва матонат кўрсатишди. Бугун икки ҳил таймларга гувоҳ бўлдик. Дастлабки бўлимда биз яхши ўйнадик, иккинчи бўлимда эса, бироз эътиборни қочирдик ва натижада гол ўтказиб юбордик. Рақибни қарши ҳужумда жазоламоқчи эдик, аммо, буни уддасидан чиқа олмадик. Яхши вазиятлар яратдик, аммо, улардан фойдалана олмадик. Биз учун гуруҳдаги ҳар бир учрашув муҳим. Непалга қарши ўйинга ҳам, БААга қарши ҳам жиддий тайёргарлик кўрамиз”.
Курчич Милич, Ливан ёшлар терма жамоаси мураббийи: “Биз ушбу турнирга жуда қисқа муддат давомида тайёрландик. Аммо, шундай бўлса ҳам, ҳаракат қилдик. Биринчи таймда футболчиларни танимадим. Улар рақибдан қўрқиб ўйнашгандек таассурот қолдирди. Ўзбекистон терма жамоасини ғалаба билан табриклайман. Улар жуда кучли жамоа ва буни билган ҳолда тайёгарлик кўрган эдик. Кейинги рақибимиз БАА ва улар ҳам худди Ўзбекистон сингари савиядаги жамоа. Биз хатолардан тўғри хулоса чиқариб, кейинги ўйинга яхшироқ тайёргарлик кўришни истаймиз. Умид қиламанки, кейинги ўйинда энг яхши ўйинимизни кўрсатамиз”.