ЎФФ Президенти Умид Аҳмаджонов БАА Футбол Уюшмаси раҳбарияти билан учрашди

02.10.2017

Ўзбекистон Футбол Федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов бугун Дубайда Бирлашган Араб Амирликлари Футбол Уюшмаси вице-президенти Абдулла Носир ал-Жунайбий билан учрашди.

Учрашув чоғида томонлар Ўзбекистон ва БАА футболини янада ривожлантириш учун ҳамкорлик алоқаларини кучайтириш, Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Бирлашган Араб Амирликлари Футбол Уюшмалари ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш орқали ўзаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, икки мамлакат ёшлари орасида футболни янада оммалаштириш учун амалга оширилиши кутилаётган чора-тадбирлар тўғрисида суҳбат олиб бордилар.

Учрашув якунида Умид Аҳмаджонов ва Абдулла Носир ал-Жунайбий ЎФФ ва БАА Футбол Уюшмаси ўртасидаги ҳамкорлик меморандумини имзоладилар.

Ушбу меморандум Ўзбекистон ва БАА терма жамоалари ва клубларига турли ёш тоифаларида ўртоқлик ўйинлари ва мусобақалар,ўқув-машғулот йиғинларини ташкил қилиш ва ўтказиш, икки мамлакат терма жамоаларининг мураббийлари ўртасида тажриба алмашинувини йўлга қўйиш, шунингдек, футбол, аёллар футболи, футзал,болалар-ўсмирлар футбол мактабларида фаолият олиб борадиган мураббийларни ўқитиш ва малакасини ошириш, мураббийлар, ҳакамлар ва спорт медицинаси ходимларини ўқитиш ва малака ошириш курсларига юбориш каби катта имконият эшикларини очиб беради.

Умид Аҳмаджонов Абдулла Носир ал-Жунайбий билан учрашувда БАА Футбол Уюшмасининг халқаро мусобақаларни ташкил қилиш ва ўтказиш тажрибасини ўзлаштириш ҳақида гапирар экан, 2018 ва 2019 йилги клублар ўртасидаги жаҳон чемпионати, 2019 йилги Осиё Кубоги ташкилий қўмитасига бир гуруҳ ЎФФ мутахассисларини малака ошириш учун юбориш масаласини ҳам алоҳида муҳокама қилди.

“Ўзбекистон Футбол Федерацияси келажакда БАА каби ФИФА ва ОФК турнирларини Ўзбекистонда ўтказишга тайёр бўлиши учун ҳам биз кадрлар тайёрлаш дастури доирасида ушбу масалага жиддий эътибор қаратдик”, – дейди Умид Аҳмаджонов ЎФФ матбуот хизматига. “ЎФФда халқаро тажрибага эга мутахассислар бор, лекин биз ФИФА ва ОФК тадбирларини Ўзбекистонга олиб келмоқчи эканмиз, катта тажрибага эга мутахассисларни тайёрлаш бирламчи вазифага айланади. Шунинг учун ҳам Осиёнинг етакчи федерациялари билан ўзаро тажриба алмашинувига эришиш олдимиздаги катта вазифалардан бири ҳисобланади”.

Меморандум, шу билан бир вақтда, Ўзбекистон ва БАА футбол лигалари доирасидаги ўйинларга икки мамлакат ҳакамларини таклиф қилиш, халқаро тадбирларни ташкил этиш ва ўтказишда ЎФФ ва БАА Футбол Уюшмаси ходимларининг ўзаро тажриба алмашишига имконият яратиб беради.

Таъкидлаш керакки, бу Умид Аҳмаджонов ЎФФга президент этиб сайланганидан бери хорижга амалга оширган иккинчи сафаридир. Бунгача Умид Аҳмаджонов ФИФА президенти Жанни Инфантино билан учрашиб, Ўзбекистон ФИФАнинг халқаро мусобақалари ва тадбирларига мезбонлик қилишга тайёр эканлигини маълум қилган эди.

Coca Cola Суперлига
#КлубЎО
1Mash'al2652
2Buxoro2649
3QO'QON-19122642
4Sho'rtan2637
5Aral2635
6Xorazm2628
7Olimpik Mobiuz2621
8Do'stlik2617
U-21 биринчилиги
#КлубЎО