“Обод” футбол клуби 2017 йилги футбол бўйича Ўзбекистон Чемпионати иштирокчилари сафидан четлатилди.
Ўзбекистон Професссионал Футбол Лигаси ҳаваскор ва ярим профессионал футбол клублари ўртасидаги мусобақалар регламентининг 4-модда, 4.4 банди, ЎзПФЛ Ижроия Қўмитаси мажлисининг 5 октябрда бўлиб ўтган мажлисининг баённомасига мувофиқ Тошкентнинг “Обод” футбол клуби 2017 йилги футбол бўйича Ўзбекистон Чемпионати иштирокчилари сафидан четлатилди.
Шунингдек, Тошкентнинг “Обод” профессионал футбол клуби Ўзбекистон чемпионатининг ушбу мавсум ярмидан ортиқ учрашувларида иштирок этгани боис, қолган учрашувларда техник мағлубият (- : +), унинг рақибларига эса техник ғалаба (+ : -) тақдим этилади.
“Обод” клубига кўрсатилган огоҳлантириш ҳамда қизил карточкалар ўз кучида қолади. Шунингдек, клубнинг иккинчи давра (8 та учрашув)да киритган ва ўтказиб юборилган голларини бекор қилинди.
Таъкидлаш лозим, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги асосида Тошкентнинг “Обод” профессионал футбол клуби ходимлар ва футболчилар олдидаги меҳнат шартномалари ҳамда давлат солиқ органлари олдидаги молиявий мажбуриятлари ўз кучида қолади.
Клуб ходимлари ҳамда футболчиларига эса, мусобақа Регламентига асосан эркин агент мақомида бошқа клубларда рўйхатдан ўтишга рухсат берилади.
Маълумот учун, “Обод” футбол клуби Олий Лига 23-туридан кейин 9 очко билан турнир жадвалининг сўнгги поғонасини эгаллаб турган эди.