04.11.2017
Ўзбекистон футбол федерациясининг Болалар, ўсмирлар ва оммавий футбол бошқармаси Тошкент шаҳар футбол федерациясининг ташаббуси билан “Олтин водий” лойиҳаси дастурини ишлаб чиқди.
Унга кўра, Фарғона вилояти водий лигасининг маркази сифатида қайд этилди ва ЎФФ ҳамда ПФЛ томонидан махсус дастур асосида бошқарилади. Тошкент шаҳар футбол федерацияси томонидан пойтахтда амалга оширилаётган барча кўламдаги ишлар водийда ҳам амалда қўлланилади. Бу эса водий футболининг яна аввалги мавқеига қайтиши ва у ердан янгидан янги Фёдоров, Лебедев, Атоян, Мирхолдиршоев, Саидов, Бердиев, Солиев, Кападзе, Ашурматов каби футболчилар тарбияланишига замин яратади. XXI аср футболида аксар водийлик футбол юлдузлари бугунги кундаги муваффақиятларига пойтахт ёки Қашқадарё жамоаларида тўп тепиб эришганлар. Лойиҳани ишга тушириш орқали водийлик маҳаллий ўсмирларни ўз уйларидан узоқ бўлмаган ҳолда сифатли хизмат турини олишини таъминлаш бўлади.
Шу билан бир қатордаводий жамоаларини профессионалликка йўналтириш чора-тадбирлари қўлланилади. Водий жамоалари учун маркетинг, ОАВ, болалар футболи, лицензиялаш, мураббийларнинг малакасини ошириш каби дастурлар энди водийнинг ўзида тажрибали мутахассислар томонидан ўргатилади.
Шунингдек, ягона марказда фаолият олиб борадиган мутахассислар, водий жамоалари иштирокидаги олий ва биринчи лига учрашувларини ОЧЛ савиясида ўтказиш борасида маҳаллий клублар билан биргаликда ишлайдилар. Айни кунда бундай хизмат тури билан фақатгина ОЧЛнинг мунтазам иштирокчилари, “Бунёдкор”, “Пахтакор”, “Насаф” ва “Локомотив” мақтана олади. Худди шу сифат олий ва биринчи лиганинг барча жамоаларида бўлиши даркор.
“Олтин водий” лойиҳаси асосида водийнинг турли шаҳарларида, турли хилдаги тадбирлар ташкил этилади. Мазкур лойиҳа асосида Ўзбекистон Кубоги – 2018нинг финал ўйинига ҳам айнан водий стадионларидан бири мезбонлик ҳуқуқини мавсум бошида қўлга киритади.
2018 йил мавсум аввалида профессионал клублар ўртасида “Олтин водий” мусобақаси бўлиб ўтади. Унда водий клубларидан ташқари Республиканинг бошқа жамоалари ҳам иштирок этадилар. Бу эса жамоаларни янги мавсум олди ўтказиладиган ўқув-йиғин машғулотларисифатли ўтишини таъминлайди.
Водий клублари ва “Олтин водий” лойиҳаси иштирокчилари 2018 йил ОЧЛ ўйинларининг ишчи-гуруҳи таркибида малакаоширадилар. Шунингдек, “Нефтчи”, “Навбаҳор”, “Андижон”, “Қўқон-1912”, “Цементчи” каби жамоаларнинг болалар ва ўсмирлар футболига масъул ходими болалар футболи ривожланган Европа мамлакатларида тажриба орттиради. Бу лойиҳа юқоридаги клублар билан ҳамкорликда амалга оширилади.
“Олтин водий” дастури асосида қуйидаги ишлар амалга оширилади:
1. 2-лига жамоалари ўртасида водий лигаси;
2. U-14, U-16, U-18 жамоалари ўртасида водий лигаси;
3.U-7-U-18 жамоалари ўртасида Фарғона, Наманган, Андижон вилоятларининг икки давралик тизимдаги чемпионати;
4.U-7 – U-18 жамоалари ўртасида водий вилоятларининг чемпионати.
“Европа андозасини ўрганиб чиқар эканмиз, Германия, Бельгия, Испания ва Италия каби давлатлар пойтахтида берилаётган хизмат тури чекка-чекка қишлоқларда ҳам қўлланилади. Биз ҳам Ўзбекистонда шу ишни қўллаймиз. Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси билан имзоланган меморандум ёрдамида водийдаги барча БЎСМ ва футбол лицей-интернатлари ҳамда Олимпия захиралари коллежларини назорат қилган ҳолда, у ердаги иш сифатини оширишимиз керак бўлади. Бунинг учун албатта водий лигасини тузишимиз лозим бўларди.
Шу боисдан ЎФФ Болалар, ўсмирлар ва оммавий футбол бошқармаси ва Тошкент шаҳар футбол федерацияси томонидан “Олтин Водий” лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу лойиҳа Ўзбекистон футболи келажаги йўлида хизмат қилишига ишонамиз. Лойиҳа давомида кўплаб янгиликлар билан танишиб борасиз. 9 ноябрь куни Ўзбекистонга Жаҳон футболи афсонаси, Европа ва Жаҳон чемпиони Карлес Пуйоль ташриф буюраяпти. Бу каби тадбирларни водийда ҳам ўтказамиз. Халқаро ўйинлар ҳавосини олиб киришни мақсад қилганмиз. Бунга бироз вақт кетади, аммо дастур асосида уни ҳам уддалашимизга ишонамиз”, – дейди Ўзбекистон футбол федерацияси Президенти Умид Аҳмаджонов.
Манба: the-uff.com