10.11.2017
Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Осиё Футбол Конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа билан расмий учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда мамлакатимизда футболни ривожлантиришга асосланган турли лойиҳалар бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Жумладан, ОФК томонидан миллий ассоциацияларни ривожлантириш дастури асосида иккита лойиҳа бўйича келишувга эришилди.
Унга кўра юртимизнинг Андижон, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида болалар учун мўлжалланган мини-футбол майдончалари барпо этилишига ОФК томонидан маблағ ажратилади. Бундан ташқари, Республика Олий Спорт Маҳорати Футбол Мактабига қарашли сунъий қопламали майдон ОФК томонидан ажратиладиган маблағлар асосида тўлалигича реконструкция қилинади.
Шунингдек, учрашув давомида миллий чемпионатда иштирок этадиган клубларни лицензиялаш бўйича улар олдига қўйиладиган талаблар масаласи ҳам кўриб чиқилди.
Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси ФИФА ва Осиё Футбол Конфедерациясининг директив ҳужжатлари, шунингдек бошқа норматив ҳужжатлар асосида ОФК, ЎФФ ва ПФЛ ташкил қиладиган мусобақаларида иштирок этиш учун профессионал футбол клубларига қўйиладиган талаб ва тамойилларни кучайтиргани ОФК президенти томонидан юқори баҳоланди.