14.01.2018
“Андижон” клубига янги бош мураббий тайинланди. Бугун Андижон вилояти ҳокими, клуб президенти Шуҳратбек Абдураҳмонов вилоятнинг бош жамоаси “Андижон” клубининг вице-президенти Маъруфжон Абдисаломовни қабул қилди ва бўлажак мавсум олдидан жамоанинг тайёргарлиги борасида суҳбатлашди. Унда клуб президенти бош мураббий масаласини ҳам кўриб чиқиш юзасидан топшириқ бериб, ушбу масъулиятли лавозимга тажрибали мураббий тайинлаш лозимлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шундан сўнг раҳбарият бир нечта номзодларни кўриб чиқиб, якунда таниқли мутахассис Элдор Сакаевни бош мураббийликка олиб келишга қарор қилди. Маъруфжон Абдисаломовнинг ушбу таклифини клуб президенти ҳам қўллаб-қувватлади ва расман Элдор Сакаев “Андижон” бош мураббийи этиб тайинланди.
Ўтган мавсум Қувасойнинг “Цементчи” жамоаси мураббийлар штабида фаолият юритган Элдор Усманович, жамоанинг чемпионликка эришиб, Супер-лигага йўл олишида ўз ҳиссасини қўшганди. Ушбу мутахассис билан ўтказилган музокара якунига кўра, томонлар ўзаро битим имзолади.
Шу тариқа “бургутлар” янги мавсумга Сакаев бошчилигида тайёргарлик олиб борадиган бўлди. Янги бош мураббий, жамоа аъзоларига расман таништирилди ва Элдор Сакаев енг шимариб ишга киришди.
«Андижон» клуби матбуот хизмати