13.03.2018
Хабарингиз бўлса, ўтган йилнинг 9 ноябрь куни Малайзия пойтахти Куала-Лумпурда Ўзбекистон Футбол Федерацияси президенти Умид Аҳмаджонов Осиё Футбол Конфедерацияси президенти Шайх Салмон бин Иброҳим ал-Халифа билан расмий учрашув ўтказганди.
Учрашувда мамлакатимизда футболни ривожлантиришга асосланган турли лойиҳалар бўйича ўзаро ҳамкорлик масалалари муҳокама қилиниб, Андижон, Қўқон ва Хоразмда болалар учун мўлжалланган мини-футбол майдончалари барпо этилишига ОФК томонидан маблағ ажратилиши бўйича келишувга эришилганди.
Ана ўша келишувга асосан ОФКнинг футбол майдонлари қурилиши бўйича мутахассиси Мендуҳ Акюрекли юртимизга ташриф буюрди. У Андижон ва Қўқон шаҳарларида бўлиб, мини-футбол майдончаси қурилиши учун ажратилган ҳудуд билан танишди. Майдончаларнинг қурилиши бўйича ўзининг амалий маслаҳатларини берди. Вилоят футбол федерациялари вакиллари билан суҳбат давомида майдончалар қурилиши пайтида аҳамият қаратиш керак бўлган ўзига хос жиҳатлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Мендуҳ Акюрекли Андижон ва Қўқондаги ишлар билан танишиб бўлгач, Хоразмга йўл олди. ОФК мутахассиси у ерда ҳам майдон учун ажратилган ҳудуд билан танишиб, амалий маслаҳатларини бериб ўтади.
Манба: the-uff.com