31.05.2018
Бугун 31 май куни Ўзбекистон футбол ассоциацияси ҳамда «Inter sport project» спорт компанияси томонидан Ўзбекистон футбол ассоциациясининг сунъий қопламали майдонларида «1 июнь – Халқаро болалар куни»га бағишланган 2011-2012 йилда туғилган болалар ўртасида «Inter cup–2018» мусобақаси ташкил қилинди.
Мусобақада “Inter sport”, “Пахтакор”, “Odil Junior”, “Спартак”, “JFL” каби болалар жамоалари иштирок этиб, майдонда ўзларининг маҳоратларини намойиш этдилар.
Тадбир сўнгида Ўзбекистон Профессионал лигаси бош директори Омон Ғофуров ва мусобақанинг фахрий меҳмони Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳамда Хитойнинг “Шанхай СИПГ” жамоаси аъзоси Одил Аҳмедов иштрокчиларга ҳомийлар томонидан ажратилган эсдалик совғаларини тақдим қилдилар.
Тақдирлаш маросимидан сўнг «Анор» болалар ашула ва рақс ансамбли аъзолари ўзларининг чиқишлари билан ёш футболчилар ҳамда томошабинларнинг кайфиятларини хушнуд этишди.
Қайд этиш зарурки, бундай тадбирлар ёш футболчиларга катта футболга ўзларининг илк қадамларини қўйишларига ҳамда бўлажак мусобақаларга тайёрланишларига катта ёрдам беради.