13.09.2017
Камерунлик ҳужумчи Самюэль Это’О “Анжи” клубида жуда сахийлиги билан из қолдиргани маълум бўлди.
Бу ҳақда клубнинг собиқ футболчиси Сердер Сердеров хабар бермоқда.
“Это’О менга жуда ёқарди. У ўзини юлдуз каби тутмаган, балки ҳамма билан дўстона муносабатда бўлган. Бир ўйиндан сўнг, менга қимматбаҳо Rolex соатини совға қилган.
У ҳар бир ўйинга 4-5та соат олиб келарди. Ким яхши ўйнаса, шуларга совға қилиб тарқатарди. Қизиғи шундаки, буни бошқаларга билдирмасдан қиларди. Менга соат совға қилганида, ҳеч кимга айтмаслигимни таъкидлаган. Кейинчалик, жуда кўп йигитлар ундан соат олганини билганман” – деди Сердеров.
Эслатиб ўтамиз, Это’О “Анжи” клуби таркибида 2011-2013 йилларда иштирок этган. У билан бирга ҳамюртимиз Одил Аҳмедов ҳам тўп сурган эди.