Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрида Марказий Осиё футбол ассоциацияси байроғи остида 15 ёшгача бўлган футболчилар ўртасида CAFA CUP–2017 турнири бўлиб ўтиши ҳақида хабар берилганди.
Александр Мочинов бош мураббийлигида Тожикистонга жўнаб кетган Ўзбекистон ўсмирлар термаси Душанбе шаҳрига етиб келди ва илк машғулотини ўтказди.
Дастлабки режага кўра, мусобақада 6 мамлакатнинг ўсмирлар терма жамоаси – Тожикистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Афғонистон, Қирғизистон ва Эрон иштирок этиши кўзда тутилганди. Бироқ эронликлар маълум сабабларга кўра турнирда иштирок эта олмайдиган бўлди. Аввалроқ мусобақанинг ўтказилиш кунлари ўзгаргани ҳақида ҳам маълумот берилган эди.