24.04.2021
Ўзбекистон терма жамоаси ва “Актобе” клуби ҳужумчиси Игорь Сергеевга Англия клуби қизиқиш билдираётгани ҳақида хабар чиққанди.
Championat.asia сайти футболчининг агенти Рўзимурод Усмонов билан боғланди ҳамда вазиятга ойдинлик киритди.
“Айни пайтда Игорь Сергеевга кўплаб қизиқишлар мавжуд. Улар орасида Европа ТОП чемпионати клубларидан вариантлар ҳам бор. Лекин бу маълумотни сир сақлашни мақсад қилгандик, сабаби ҳали музокаралар ҳам ўтказилмаган. Бироқ Сергеев ҳақида маълумот чиқиб кетгани учун бунга ойдинлик киритиб ўтишга қарор қилдик.
“Актобе” сафида ажойиб ўйнаётган Игорь Сергеев Европага интилмоқда. Осиё клубларидан ёзги трансфер ойнаси учун аниқ таклифлар бор, бироқ ҳужумчи эътиборни Европага қаратмоқда ва Осиёдан бўлаётган таклифларни кўриб чиқиш хоҳиши йўқлигини билдирди.
Қишда Сергеевда Руминиянинг ЧФР ва “Сепси” клубларидан аниқ таклиф ва шартнома бор эди. Бундан ташқари Греция клуби ҳам унга қизиққанди. Бироқ пандемик вазият туфайли виза чиқиши чўзилиб кетиш эҳтимоли юқорлиги, бундан ташқари бу чемпионатларда мавсум якуни ва ҳал қилувчи палла бўлгани боис вариантлар рад қилинди. Ёзги трансфер ойнаси вақтида ҳам Руминия клублари унга таклиф билан чиқишмоқчи. Англия варианти ҳам ҳақиқатга яқин, лекин энди ишлаб чиқилаётган вариантлардан бири ҳисобланади. Агар клубнинг қизиқиши жиддий бўлса бу борада биз ҳам жиддий иш олиб борамиз”, – дейди Игорь Сергеевнинг агенти championat.asia сайтига.
Манба : championat.asia