06.05.2018
«Пахтакор» – «Қўқон-1912» учрашувидан кейин ўтказилган матбуот анжуманинг биринчи қисмида жамоамиз устози Нўъмон Ҳасанов ва Жавоҳир Сидиқовлар иштирок этишди.
Нўъмон Ҳасанов: – Кўриб турибсизлар, чемпионатимиз савияси анча ошди. Ҳар бир ўйин шиддатли курашлар остида ўтмоқда. Бугун ғалаба қозониш учун майдонга тушгандик. Бугунги ўйин учун йигитларга миннатдорчилик билдираман. Ўйиндан-ўйинга савиямиз ошиб бормоқда. Шогирдларимнинг ўз кучларига бўлган ишончи ортмоқда. “Пахтакор” юртимизнинг энг кучли жамоалардан бири ҳисобланади. Улар ҳам бугун яхши ўйин намойиш этишди.
Меҳмонда дуранг ўйнаш яхши натижадир, балки, лекин биз уч очкони кўзлагандик. Биз ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш учун майдонга тушамиз.
Ҳужумчи олиш режамизда бор. Менимча, ҳужумчи етишмовчилиги ҳамма жамоаларда бўлса керак. Носир Отақўзиев бугун яхши ўйнади, уни жамоамизга кўп фойдаси тегди.
Бизнинг кучимиз бу бир оила эканлигимиз. Бизда жуда аҳил жамоа жамланган. Шунинг эвазига яхши натижаларга эришяпмиз. Сафарда еттита ўйинни ўтказганимизни ҳам унутмаслик лозим.
“Пахтакор”га қарши ҳужумкор ўйнаб бўлмаслигини ҳамма билса керак. Шунинг учун бугун қарши ҳужумга таяниб майдонда ҳаракат қилдик. Голни ҳам қарши ҳужумда киритдик. Иккинчи голни ҳам уришимиз мумкин эди. Лекин айнан ўша гол бизга етишмади.
Жавоҳир Сидиқов: – Бугун анча шиддатли ўйин бўлди. “Пахтакор” чемпионатимиз пешқадами саналади. Шуни билган ҳолда тайёргарлик кўрган эдик. Мураббийларимиз кўрсатмаларини 100 фоиз бажарганимизда ғалаба қозонишимиз мумкин эди. Бугун нимадир етишмади. Сафардан бир очко билан қайтиш ҳам ёмон эмас. Лекин биз ғалабани кўзлаган эдик. Кейинги ўйинда ғалаба қозониб, мухлисларимизни хурсанд қиламиз, деган умиддаман. Бизни тинимсиз қўллаб-қувватлаб келаётган мухлисларимизга миннатдорчилик билдириб ўтаман.