25.06.2018
Ўзбекистон футбол ассоциацияси томонидан ўтказиб келинадиган мамлакат кубогининг чорак финалига қуръа ташлаш маросими жонли кўрсатилади. Ташкилот бу масалада “Спорт” телеканали билан келишувга эришди.
1/8 финал маросимига қуръа ташлаш маросими ҳам жонли намойиш этилган бўлиб, унда жамоалар қандай рақибга тушиши мумкинлиги масаласи футбол мухлисларининг катта қизиқишига сабаб бўлганди. Аввал айтилганидек, бундан буён қуръа жараёнлари ими-жимида ўтиб кетмайди.
8—9 июль кунлари Pepsi Суперлиганинг 16-тур беллашувлари бўлиб ўтади. 9 июль куни “Бунёдкор” клуби мазкур тур доирасида “Қизилқум”ни қабул қилади. “Спорт” билан келишувга кўра, учрашув танаффусида Ўзбекистон Кубогининг 1/4 финал босқичига қуръа ташланади. Жонли эфир “Миллий” стадионининг ўзида бўлади. Стадионда жам бўлган мухлислар маросимни катта экранда томоша қилиши мумкин. Стадионга кела олмаганлар эса танаффус вақтида эфирдан узоқлашмаслиги керак бўлади.
Эски тақвимга кўра, Ўзбекистон Кубогининг финали декабрга қолиб кетаётганди. ЎФА биринчи вице-президенти Умид Аҳмаджонов топшириғига кўра, кубок масаласи қайта кўриб чиқилди ва финал ўйини 28 октябрь — якшанба кунига тайин қилинди. Катта эҳтимол билан бу вақтда футбол ўйнаш учун ажойиб об-ҳаво ҳукмрон бўлади. ЎФА ҳам ўз навбатида финал ўйинини катта байрам қилиб ўтказишни режалаштирган.
Кубокнинг 1/4 финал босқичи аввал белгилангани каби 12—13 июль кунларида эмас, балки 17—18 сентябрь санасида ўтади. Ярим финаллар эса 27 сентябрга белгиланган. Ўзгаришга кўра, ярим финал беллашувлари ҳам қолганлари каби фақатгина 1 та ўйиндан иборат бўлади (уй-сафар эмас). Бу босқич учун ҳам алоҳида қуръа маросими бўлиб ўтади. Мезбон жамоалар номига ҳам қуръа ойдинлик киритиб беради.
Маълумот учун, Ўзбекистон Кубогининг 1/4 финалига қадар қуйида клублар етиб келган: “Пахтакор”, “Бунёдкор”, “Локомотив”, “Қизилқум”, “Қўқон-1912”, АГМК, “Машъал” ва “Андижон”.
Манба: pfl.uz