07.12.2018
Сўнгги йилларда фахрийлар ўртасидаги мусобақалар тез-тез ўтказиб келинмоқда. 5 декабрь куни Наманганда мини-футбол бўйичаЎзбекистон Республикаси Конституциясининг 26-йиллигига бағишланган водий очиқ биринчилиги бўлиб ўтди. Ушбу турнирда 60 ёшдан катта бўлган водийнинг 8 та жамоаси иштирок этди. Булар: “Хотира-79”, “Навқирон”, “Суперфахрийлар”, “Янгиқўрғон (Янгиқўғон тумани)” (Наманган вилояти), “Андижон” ва “Олимпия” (Бўлоқбоши тумани) (Андижон вилояти), “Қўқон-1912” ва “Риштон” (Риштон тумани) (Фарғона вилояти).
Мусобақа олимпия тизимида ўтказилиб, жамоалар қуръа ташлаш йўли билан рақибларини билиб олишди.
Қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтган учрашувлар натижасига кўра, “Хотира-79” фахрийлар жамоаси мусобақа ғолиблигини қўлга киритди. Финалга қадар ажойиб ўийн намойш этиб, мухлислар меҳрини қозонишга эришган “Қўқон-1912” фахрийлари финалда наманганликларга ютқазиб қўйишди ва иккинчи ўринни қўлга киритишди. Андижоннинг “Олимпик” жамоаси эса учинчи ўрин соҳиби бўлди.
Ўринбой Юсупов сардорлигида “Риштон” фахрийлари ҳам турнирда яхши иштирок этишди.
Мусобақа якунига кўра, ғолиб ва совриндорлар ҳамда номинациялар ғолиблари хомийлар томонидан тантанали тарзда тақдирланишди.
Тиниб-тинчимаган фахрийлар янги мавсумда “суперфахрийлар” ХФЛсини ташкил этишни режалаштиришмоқда.
Аброр ДЕҲҚОНОВ
Наманган шаҳридан махсус тайёрланди.