11.01.2019
“Қўқон-1912” жамоасининг Тошкентдаги йиғини давом этмоқда. Машғулотлар “Бунёдкор” академиясига қарашли майдонда кунига икки маҳалдан ўтказилмоқда. Таркибдаги ўзгаришлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, жамоа учун бегона бўлмаган яна бир футболчи – Ориф Мамажонов ҳам машғулотларда иштирок этмоқда. 15 январь куни сербиялик легионерлар машғулотларга қўшилишади. Ўтган йили қўқонликлар шарафини ҳимоя қилган Дарко Гожкович ва Марко Миличдан ташқари, яна икки нафар сербиялик ўйинчиларнинг келиши кутилмоқда. Уларнинг бир нафари ҳужумчи бўлса, яна бир нафари ярим ҳимоячи.
Тошкентдаги йиғин чоғида бўлиб ўтадиган ўртқолик учрашувлардаги рақиблар маълум бўлди. Эртага Нўъмон Ҳасанов шогирдлари ўзаро иккига бўлинган ҳолда ўйин ўтказишади. 19 январь куни эса вакилларимиз Навоийнинг “Қизилқум” жамоасига қарши майдонга тушишади. 26 январь куни эса қўқонликлар йиғин доирасидаги сўнгги назорат учрашувини ўртказишади. Шу куни “Шунқорлар”га Жиззахнинг “Сўғдиёна” жамоаси рақиблик қилади. Ўйинлар “Бунёдкор” академиясига қарашли майдонда бўлиб ўтади.