26.01.2019
Аввал хабар бериб ўтганимиздек, “Қўқон-1912” жамоаси Тошкентдаги йиғиннинг сўнгги кунида иккита назорат учрашувини ўтказди. Биринчи ўртоқлик учрашувидаги рақиб Жиззахнинг “Сўғдиёна” клуби бўлди.
Мазкур учрашувларда мураббийлар штаби кўрикда бўлиб турган барча футболчиларни назоратдан ўтказиб олишди. Жамоамизнинг етакчи ўйинчиларидан бири – Қувондиқ Рўзиев жароҳати боис бугунги учрашувни ўтказиб юборди.
Ўйин кутилганидек футболчиларимизнинг устунлиги остида бошланди. Илк дақиқалардан вакилларимиз ҳужумга зўр беришди. Лекин ҳисобни очиш жиззахликларга насиб этди. 22-дақиқада ҳимояда хатога йўл қўйдик, натижада Достон Тошматов дарвозабонимиз билан бирга-бир вазиятга чиқиб ҳисобни очди.
Шундан кейин катта куч билан олдинга ташландик. Бироқ танаффусга қадар ҳисобни ўзгартира олмадик.
Айтганча, бугунги учрашувда жамоамизнинг янги легионери – Ненад Станкович асосий таркибда майдонга тушди.
Иккинчи бўлимни футболчиларимиз шиддатли тарзда бошлашди. 54-дақиқада жуда хавфли вазиятни юзага келтирдик. Мурод Ҳолмуҳаммедов ижро этган жарима зарбасидан сўнг, Жиззахликлар посбони жамоасини яққол голдан қутқариб қолди.
66-дақиқада рақибларимиз иккинчи голни уришди. Захирадан майдонга тушган Дурбек Камолов иккинчи марта дарвозабонимизни доғда қолдирди. Голдан кейин дарҳол ҳужумга ўтган қўқонликлар рақиб дарвозасини ишғол этишларига бир баҳя қолди. Суҳроб Неъматовнинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди. Ўйин якунланиши арафасида Суҳроб Бердиев жуда қулай имкониятни голга айлантира олмади. Футболчимиз рақиб дарвозабони билан бирга-бир қолганига қарамай, ҳисобни қисқартира олмади.
Вазиятлар яратиш, дарвозага зарбалар йўллаш бўйича устунликка эришган бўлсакда ҳисобда буни акси бўлди. Натижада биринчи ўртоқлик учрашувида имкониятни бой бердик.
Ўртоқлик учрашуви
“Қўқон-1912” – “Сўғдиёна” – 0:2 (0:1)
Бош ҳакам: И. Илиьн.
Голлар: Д. Тошматов (22), Д. Камолов (66)
“Қўқон-1912”: 71. Сарвар Каримов, 4. Баҳодир Акрамов, 7. Жамшид Ҳасанов, 9. Носир Отақўзиев, 11. Суҳроб Неъматов, 14. Аваз Маматхўжаев, 19. Суҳроб Бердиев, 22. Мурод Холмуҳаммедов, 55. Ненад Станкович, 65. Марко Милич, 70. Шахбоз Эркинов.
Захира: 30. Ислом Абдуллаев, 15. Ойбек Рустамов, 23. Александр Мерзляков, 79. Иқбол Маликжонов, 96. Муҳаммаданас Ҳасанов, 97. Корен Муродбоев.
“Сўғдиёна”: 1. Ширинбой Абдуллаев, 2. Сардор Қулматов, 7. Санжар Рашидов, 9. Ойбек Нурматов, 11. Достон Тошматов, 16. Шерзод Шакиров, 70. Даниел Насриддинов, 89. Сирож Мелиев, 90. Искандар Шойқулов, 91. Никола Милинкович, 93. Мурод Ражабов.
Захира: Милан Митрович, 4. Элёр Орипов, 5. Шаҳбоз Жўрабеков, 33. Дурбек Камолов, 55. Муҳаммад Юлдашев, 77. Нуриддин Ҳасанов, 80. Даврон Умиров.