19.03.2019
ФИФА кунлари муносабати билан чемпионатимизда юзага келган кичик танаффусдан унумли фойдаланиш мақсадида Тошкентда йиғин ўтказаётган “Қўқон-1912” жамоаси футболчилари бугун ўртоқлик учрашувида майдонга тушишди. Нўъмон Ҳасанов шогирдларининг рақиби – Про лига вакили – “Локомотив БФК” жамоаси бўлди.
Ўйин футболчиларимизнинг шиддатли ҳужумлари остида бошланди. Биринчи ҳужумдаёқ ҳисобни очишимиз мумкин эди. Жавоҳир Эсонқулов имкониятдан фойдалана олмади.
10-дақиқада Суҳроб Бердиев яхши вазиятга эга бўлганди. Ҳакамлар футболчимиз ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетганини қайд этишди. 13-дақиқада кетма-кет ҳужумларимиз самара келтирди. Суҳроб Бердиев рақиб дарвозасини ишғол этиб, ҳисобни очди. 23-дақиқада вакилларимиз рақиб дарвозасига иккинчи тўпни киритишди. Бу сафар ҳам Суҳроб Бердиев голга муаллифлик қилди. Жасур Ҳасанов ўнг қанотдан жарима майдончасига кириб борди ва Бердиевни аниқ пас билан таъминлади. Тажрибали ҳужумчимиз бундай вазиятларда қандай ўйнашни кўрсатиб қўйди. 27-дақиқада ҳисоб йириклашди. Жамоамиз ижросидаги суперкомбинациядан сўнг, Шаҳбоз Эркинов рақиб дарвозасини аниқ нишонга олди. Орадан икки дақиқа ўтиб, ҳисоб янада йириклашди. Жавоҳир Эсонқуловнинг қанотдан оширган тўпини Шаҳбоз Эркинов чиройли зарба билан рақиб дарвозага жойлаб қўйди. 40-дақиқада Иқбол Маликжонов ҳам ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. Бердиевдан тўпни қабул қилиб олган Иқбол индувидуал маҳорати эвазига дарвозабон билан бирга-бир вазиятга чиқди ҳамда ҳисобни янада йирик кўринишга олиб келди. Биринчи бўлимда тўлиқ устунликка эга бўлган футболчиларимиз танаффусга қадар рақиб дарвозасига бешта тўп киритишга муваффақ бўлишди.
Иккинчи бўлим бошида жамоамиз таркиби деярли янгиланди. Шундай бўлса-да ўйиндаги ташаббус футболчиларимиз томонида бўлди. 66-дақиқада Аваз Маматхўжаев ҳисобни 6:0 кўринишига олиб келди. Аввалига Тимур Хакимовнинг зарбасини дарвозабон маҳорат кўрсатиб қайтаришга эришди. Қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб келган Авазхон аниқ зарба йўллаб дарвозани ишғол қилди. 70-дақиқада Бехруз Садиллоевнинг кучли зарбаси дарвоза устунига тегиб қайтди. Бу орада рақиб футболчисига иккинчи сариқ ва қизил карточка кўрсатилди. Футболчи майдонни тарк этди, лекин ўрнига бошқа футболчи майдонга тушди. 73-дақиқада Бехруз барибир мақсадига етди. Садиллоев голлар шоусида ўз номини таблога ёздириб қўйишга эришди. Шу тариқа футболчиларимиз ўртоқлик учрашувида йирик ҳисобдаги ғалабани қўлга киритишди.
Ўртоқлик учрашуви
“Қўқон-1912” – “Локомотив БФК” – 7:0 (5:0)
Бош ҳакам: Ҳасан Рўзиев.
Голлар: Суҳроб Бердиев – 13, 23, Шаҳбоз Эркинов – 27,29, Иқбол Маликжонов – 40, Авазхон Маматхўжаев – 66, Беҳруз Садиллоев – 73.
“Қўқон-1912”: 25. Сарвар Каримов, 10. Қувондиқ Рўзиев, 13. Жавоҳир Эсонқулов, 16. Жасур Ҳасанов, 17. Бехруз Садиллоев, 19. Суҳроб Бердиев, 20. Иқбол Маликжонов, 22. Шаҳбоз Эркинов, 23. Александр Мерзляков, 55. Милош Николич, 70. Мурод Холмуҳаммедов.
Захира: 1. Ислом Абдуллаев, 8. Муҳаммаданас Ҳасанов, 9. Бехзод Каримов, 11. Тимур Ҳакимов, 14. Аваз Маматхўжаев, 21. Тимур Усмонов, 27. Жасур Ёқубов, 34. Оливье Боннес, 65. Марко Милич, 99. Дилшод Баратов.