28.04.2019
Бир неча кундан буён давом этиб келаётган “Қўқон-ўзбек футболининг ватани” шиори остидаги мусобақа ҳам ўзининг якуний палласига етиб келди. Бугун ушбу мусобақанинг ҳал қилувчи ўйини бўлиб ўтади.
Ўзбек футболи ватани – Қўқонда “миллионлар ўйини”га бўлган меҳр нақадар кучли эканлигини ушбу турнир орқали яна бир бор гувоҳига айландик. Футбол Қўқонликларнинг қон-қонига сингиб кетган, десак муболаға бўлмайди.
Мана бир неча кундан буён “Аҳмадхон” спорт мажмуаси футбол ихлосмандлари билан гавжум бўлди. Об-ҳавонинг инжиқликларига қарамай, ҳар бир учрашувни бевосита стадионда минг нафарга яқин томошабинлар кузатиб боришмоқда.
Аввал хабар бериб ўтганимиздек, фахрийлар ва ҳаваскор футболчилардан ташкил топган 16 жамоа ғолиблик учун курашга киришганди. Гуруҳ босқичидан кейин кучли саккизта жамоа чорак финалга йўлланма олди.
Плей-офф босқичи олимпия тизимидан ўтказилгани боис 1/4 финалдан бошлаб ҳар бир учрашув муросасиз ва кескин курашлар остида ўтди. Ҳар бир жамоа ғолиблик учун муносиб эканлигини исботлашга ҳаракат қилди. Мухлислар ҳам майдонда чиройли футболининг гувоҳига айланишди.
Чорак финалда рақибларидан устун келган “Спартак”, “Фахрийлар-1”, “Шаҳар” ва “Прогресс” жамоалари финал йўлида майдонга тушишди.
Биринчи ярим финалда “Спартак” – “Фахрийлар-1” жамоалари тўқнаш келишди. Ўйин давомида ҳар икки жамоа ҳам бош совринга муносиб эканлигини исботлаш учун майдоннинг ҳар бир қаричи учун кураш олиб боришди. Қизиқарли ва кескин курашлар остида ўтган беллашувда “Фахрийлар-1” жамоаси 5:4 ҳисобида ғалаба қозонди.
Иккинчи финалчи номи “Прогресс” – “Шаҳар” ўйинидан кейин маълум бўлди. Бутун мусобақа давомида мухлисларда яхши таассурот қолдирган “шаҳарликлар”нинг ярим финалда ҳам қўли баланд келди – 3:1.
Бугун мухлислар яна иккита ўйин гувоҳига айланишади. Даставвал соат 15:30да учинчи ўрин учун ўйин ўтказилади. Унда кечаги ярим финал омадсизлари – “Спартак” ва “Прогресс” жамоалари куч синашишади.
Мазкур учрашув якунига етгач эса ҳал қилувчи баҳсга старт берилади. 17:00да бошланиши режалаштирилган финал ўйинида “Фахрийлар-1” ва “Шаҳар” жамоалари бош соврин учун майдонга тушишади.
Бугунги финал учрашуви ҳақиқий байрамга айланади, десак муболаға бўлмайди. Бугунги ҳал қилувчи учрашув учун махсус рақамланган чипталар чиқарилган бўлиб, уни стадионга киришдан олдин бепул олишингиз мумкин бўлади. Бу ҳали ҳаммаси эмас. Финал учрашувининг танаффус пайтида лоторея ўйини ўтказилади ва омадли чипта соҳибларига қимматбаҳо совғалар тақдим этилади. Хуллас, бугун Қўқонда ҳақиқий футбол байрами, уни ўтказиб юборманг! Барчангизни “Аҳмадхон” спорт мажмуасига чорлаб қоламиз.
Кечаги ярим финал ўйинларида қайд этилган натижалар билан танишинг:
Ярим финал
“Спартак” – “Фахрийлар-1” – 4:5
“Прогресс” – “Шаҳар” – 1:3
Учинчи ўрин учун
28 апрель
“Спартак” – “Прогресс” бошланиш вақти – 15:30
Финал
28 апрель
“Фахрийлар-1” – “Шаҳар” бошланиш вақти – 17:00
Аброр ДЕҲҚОНОВ тайёрлади