29.06.2019
Бугун Қўқонда ҳақиқий футбол байрами ҳукмронлик қилди. Жамоамиз Coca Cola Суперлигаси биринчи давранинг сўнгги учрашувида чемпионат пешқадами бўлмиш – Тошкентнинг “Пахтакор” клубини қабул қилди. Ушбу учрашувга бўлган қизиқиш жуда юқори эди.
Учрашувнинг дастлабки дақиқалари кутилганидек шиддатли ҳужумлар остида бошланди. “Пахтакор” футболчилари ўйин бошидан бироз устунликка эга бўлишга интилишди. Қўқонликлар эса қарши ҳужумлардан самарали фойдаланишга ҳаракат қилишди. Шунинг учун баҳснинг дастлабки дақиқалари ҳужумкор руҳда ўтди.
15-дақиқада бурчак зарбасидан кейин рақиб дарвозаси олдида яхши имконият вужудга келди. Бироқ жарима майдончаси ичидаги пала-партишликдан самара келтира олмадик. Орадан бир дақиқа ўтиб, Ислом Абдуллаев жамоамизни муқаррар голдан сақлаб қолди.
20-дақиқада кетма-кет бурчак зарбаларига эга бўлдик. Ҳар сафар рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятлар юзага келди. Ана шундай вазиятларнинг бирида Марко Миличнинг зарбаси бироз “ўхшамади”. 28-дақиқада қанотдан ташкил этилган ҳужумимиз самара келтирди. Жарима майдончаси ичига оширилган тўпни Шахбоз Эркинов боши билан рақиб дарвозасига аниқ йўллаб, ҳисобни очди. 32-дақиқада Қувондиқ Рўзиев рақибларни ортда қолдириб, зарба йўллаганди зарба йўналиши бироз ноаниқ бўлди. Тайм охирида “Пахтакор” футболчилари ҳужумга зўр беришди. Бироқ ҳимояда ишончли ўйнаган футболчиларимиз танаффусга қадар ҳисобни ўзгаришига йўл қўйишмади.
Иккинчи бўлим ҳам худди биринчиси каби шиддатли ҳужумлар остида бошланди. Меҳмонлар ҳисобни тенглаштириш учун бор эътиборларини ҳужумга қаратишди. Ўз навбатида футболчиларимизнинг қарши ҳужумлари хавфли кўриниш олди. 68-дақиқада жарима тўпидан кейин Қувондиқ Рўзиевнинг оширган тўпига шериклари етиб кела олишмади. 78-дақиқада захирадан майдонга тушган Шохрух Маҳмудхожиев ҳисобни тенглаштирди. 81-дақиқада Суҳроб Бердиев рақиб жарима майдончаси ичида қулай вазиятда турганига қарамай, зарба беришга бироз шошилди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда “Пахтакор” футболчилари иккинчи тўпни киритишди. Бу сафар ҳам Маҳмудхожиев гол муаллифи бўлди. Шу тариқа, вакилларимиз аламли мағлубиятга учрашди.
Coca Cola Суперлига
13-тур
“Қўқон-1912” – “Пахтакор” – 1:2 (1:0)
Ҳакамлар: Вадим Агишев, Расул Фозилов, Максим Нехочин, Ғайрат Жўраев.
Назоратчи: Артём Арутюнов.
Комиссар: Александр Давиденко.
Голлар: Шаҳбоз Эркинов (28). – Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев (78, 90+3).
“Қўқон-1912”: 1. Ислом Абдуллаев, 7. Жамшид Ҳасанов (13. Жавоҳир Эсонқулов – 70), 10. Қувондиқ Рўзиев (8. Муҳаммаданас Ҳасанов – 88), 15. Ойбек Рустамов, 16. Жасур Ҳасанов, 19. Суҳроб Бердиев, 20. Иқбол Маликжонов, 22. Шахбоз Эркинов (17. Бехруз Садиллоев – 80), 23. Александр Мерзляков, 65. Марко Милич, 70. Мурод Холмуҳаммедов.
Захира: 25. Сарвар Каримов, 11. Тимур Ҳакимов, 14. Авазхон Маматхўжаев, 21. Тимур Усмонов.
“Пахтакор”: 25. Элдор Суюнов, 3. Ҳожиакбар Алижонов (4. Акрам Комилов -75, 29. Владимир Козак – 86), 9. Жалолиддин Машарипов, 10. Драган Черан, 11. Игорь Сергеев (19. Шохрух Муҳмудхожиев – 72), 15. Егорь Кримец, 20. Одил Ҳамробеков, 21. Марат Бикмаев, 23. Шерзод Аъзамов, 27. Сардор Собирхўжаев, 34. Фаррух Сайфиев.
Захира: 35. Санжар Қувватов, 6. Жаҳонгир Аҳмедов, 13. Руслан Розиев, 14. Хумоюнмирзо Иминов, 45. Собит Синдаров, 55. Марко Симич.