17.07.2019
Чирчиқ шаҳрида йиғин ўтказаётган “Қўқон-1912” жамоаси кеча Про лига “А” вакили “Оқтепа”га қарши ўртоқлик учрашувида майдонга тушиб, 3:1 ҳисобида рақибни доғда қолдирганди. Азиз Тўхтабоев шогирдлари бугун яна битта назорат учрашувини ўтказишади. Бу галги рақиб анча жиддий – Тожикистоннинг “Хўжанд” клуби.
Айтганча, икки жамоа собиқ Иттифоқ биринчиликларида (2-лига 7-минтақа) тўрт бор тўқнаш келишган. 1988 ва 1989 йиллари бўлиб ўтган учрашувларнинг иккитасида Хўжандликларнинг қўли баланд келган бўлса, битта баҳсда вакилларимиз ғалаба қозонишган. Битта ўйинда эса ҳисоб очилмаган. Орадан 30 йил ўтиб, бу жамоалар яна тўқнаш келишди.
Бугунги беллашув «Бунёдкор» академиясига қарашли майдонда соат 18:30 да бошланади. Ушбу баҳсда футболчиларимизга омад тилаб қоламиз.