30.09.2019
Coca Cola суперлига 21-тур доирасидаги “Қўқон-1912” – “Металлург”учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида меҳмонлар устози Андрей Шипилов иштирок этди.
– Биз учун сентябрь ойи жуда оғир келди. Бундан олдинги ўйинларда мағлубиятга учрагандик. Бугун сафарда ғалаба қозондик.
Биринчи бўлимда шогирдларимнинг ҳатти-ҳаракатларини тушуна олмадим. Футболчиларимиз ёмон ўйнашди. Тўғри сафарда учта гол урдик, уч очко олдик , лекин бугунги ўйинимиз мени қониқтирмади. Профессионал футболчилар бундай ўйнамасликлари керак. Биринчи таймда жуда суст ўйнадик. Футболчилар гўёки майдонда ухлашди. Менимча, улар ўйинга бундай муносабатда бўлмасликлари лозим. “Қўқон-1912” жамоаси бугун яхши тўп сурди. Жамоа етакчиларисиз ҳам майдонда ўзини йўқотиб қўймади. Қўқонликлар бугун мухлисларбоп футбол кўрсатишди. Холмуҳаммедов қизил карточка олиб майдонни тарк этгани фойдамизга ишлади.
Мавсумнинг охирги қисми даҳшатли бўлишини кутяпман. Сўнгги турлардаги ҳар бир очко жамоалар учун қимматли саналади. Шунинг учун шогирдларимга хотиржамликка берилмасликни сўрадим. Ҳали бизни қийин учрашувлар кутмоқда.
Бугунги ўйиндаги энг фаол ўйинчи бу Қувондиқ Рўзиев бўлди. Умуман олганда, Қувондиқ барча ўйинларни юқори даражада ўтказмоқда. Унинг ўйинларнинг анча вақтдан бери кузатиб келаман. Уни бежизга терма жамоага таклиф этишмади.
Шахбоз Эркинов ҳам захирадан майдонга тушиб ўйинни анча кучайтириб юборди.