02.10.2020
Coca Cola суперлигаси 18-тур доирасидаги “Қизилқум” – “Қўқон-1912” учрашувидан кейинги матбуот анжуманининг биринчи қисмида жамоамиз устози Бахтиёр Ашурматов иштирок этишди.
– Гапнинг очиғи, ўйиндан кейин аниқ фикр билдириш ҳам қийин. Футболчилар борларини бериб ўйнашди. Афсуски, футбол бешавқат ўйин. 15 дақиқада иккита гол ўтказиб юбордик ва афсуски мағлубиятга учрадик. Бугун “Қизилқум”га омад кулиб боқди. “Қизилқум”ни ғалаба билан табриклайман. Шогирдларим бугун мағлубиятга учраган бўлсак-да, борларини бериб ўйнаганликлари учун эътироз билдира олмайман. Афусуски, майда хатолар қимматга тушди. Охирги ўйинларда стандарт вазиятлардан гол ўтказиб юборяпмиз. “Бухоро” билан баҳсда ҳам шундай бўлганди. Балки бироз химояланиш услубимизни ўзгартиришимиз ҳам керакдир. Бирга-бир эмас, зонали ҳимояга ўтишимиз керакдир.
Ҳисоб 1:1 бўлиб турган вазиятда ҳам бизда яхши имконият бўлди. Сардор Азимов қулай имкониятдан фойдалана олмади. Бу вазиятда омад биздан юз угирди. “Қизилқум” эса кейинги хужумда имкониятдан самарали фойдаланиб ғалаба қозонди. Ўйиннинг охирида уч ҳимоячи билан ўйнадик ва катта куч билан ҳужумга ўтгандик. Таваккал қилгандик. Афсуски, бу ўзгаришлар самара келтирмади. Биз жуда ҳам оғир мағлубиятга учрадик. Негаки, ҳозир биз шунақанги вазиятда эдикки, ёки юқори ўринлардан бирига чиқишимиз ёки жойимизда қолишимиз мумкин эди. Аммо бугунги йўқотилган уч очко имкониятларимизни пасайтириб юборди. Биз юқори ўринларни кўзласак, бундай баҳсларда ғалаба қозонишимиз лозим эди. Тўғри, ҳали олдинда ўйинлар бор. Лекин жуда қимматли очколарни бугун бой бердик.
Якуба Бамба ўйинга ёмон киришиб кетмади. Ўйинни кучайтирди деб айтишим мумкин. Райевац борасида шуни айтишим мумкинки, бугун меҳмонда тўп сурганимиз туфайли битта ҳужумчи Норбеков билан ўйинни бошладик. Норбеков легионер ҳужумчимиз Райевацдан кўра тезкор ва шунинг учун уни асосий таркибда майдонга туширдик.