25.11.2020
Бугун Қўқондаги “Марказий” ўйингоҳда Coca Cola Суперлига 24-тур доирасидаги “Қўқон-1912” – “Локомотив” учрашуви бўлиб ўтди.
Ўйин вакилларимизнинг шиддатли ҳужумлари билан бошланди. 7-дақиқада Филип Райевац иккита қулай имкониятдан фойдалана олмади. Учрашувнинг 9-дақиқасида эса меҳмонлар қарши ҳужумдан кейин ҳисобни очишди. Гол муаллифи Жавоҳир Алижонов бўлди. 13-дақиқада футболчиларимиз жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Мурод Холмуҳаммедовнинг дарвоза томон йўллаган зарбасини рақиб ҳимоячилари майдон ташқарисига чиқариб юборишди. 23-дақиқада футболчиларимизда ҳисобни тенглаштириш учун ажойиб имконият вужудга келганди. Муҳаммаданас Ҳасановнинг кучли зарбасини Илёсов катта қийинчилик билан қайтариб юборди. Кейинги ҳужумни эса рақиб ҳимоячилари бартараф этишди. 28-дақиқада Қувондиқ Рўзиев шеригини жуда қулай вазиятга чиқарган эди. Сардор Азимовнинг зарбасига бирозгина аниқлик етишмади. Биринчи бўлимнинг сўнгги дақиқаларида футболчиларимиз рақиб дарвозаси олдида босимни кучайтиришди. 40-дақиқада Филип Райевацнинг боши билан берган зарбаси бироз юқоридан кетди. Танаффусга жамоалар шу ҳисобда чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлим меҳмонларнинг хужумлари билан бошланди. Кейинчалик футболчиларимиз яна устунликни ўз қўлларига олишди. 55- дақиқада Филип Райевац яна бир қулай вазиятни кўкка совурди. 63-дақиқада Иван Йосович тўқнашув натижасида жароҳат олиб майдонни тарк этди. 70-дақиқада вакилларимизда яна бир хавфли вазият юзага келди. Захирадан майдонга тушган Якуба Бамбанинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. 73-дақиқада Мерзляков чап қанотдан жарима майдончаси ичига жуда яхши узатмани амалга оширган эди. Абдухамидовнинг бош билан берган зарбаси бирозгина юқоридан ўтиб кетди. 77 – дақиқада бурчак зарбасидан кейин рақиб дарвозаси олдида яна бир хавли вазият юзага келди. Бобур Акбаровнинг боши билан яқин масофадан йўллаган зарбаси ҳам бироз юқоридан кетди. Учрашувнинг сўнгги дақиқалари тўлиқ футболчиларимизнинг устунлигида ўтди. Бироқ юзага келган вазиятлардан фойдалана олмаслик оқибатида ҳисобни тенглаштира олмадик. Шу тариқа, ягона гол учрашув тақдирини ҳал этди.
Coca Cola Суперлига
24-тур
“Қўқон-1912” – “Локомотив” – 0:1 (0:1)
Ҳакамлар: Аҳрол Рисқуллаев, Ришат Нугманов, Дониёр Сайлавов, Иброҳим Исмоилов.
Назоратчи: Рашид Айтеков.
Комиссар: Аббос Аҳроров.
Гол: Жавоҳир Алижонов (9).
“Қўқон-1912”: 96. Ислом Абдуллаев, 3. Бобур Акбаров, 10. Қувондиқ Рўзиев, 13. Сардор Азимов (4. Собит Синдаров – 80), 15. Ойбек Рустамов, 17. Музаффар Музаффаров (19. Ҳамидулло Абдуҳамидов – 46), 22. Муҳаммаданас Ҳасанов, 23. Александр Мерзляков, 33. Иван Йосович (14. Аваз Маматхўжаев – 63), 69. Филип Райевац (91. Якуба Бамба – 57), 70. Мурод Холмуҳаммедов.
Захира: 1. Ботирали Эргашев, 21. Музаффар Абдуллаев, 5. Жасур Ёқубов, 20. Иқбол Маликжонов, 99. Бек Абдуллаев.
“Локомотив”: 35. Жавоҳир Илёсов, 7. Кахи Махарадзе (4. Шаҳзод Шайманов – 86), 8. Вадим Афонин (80. Фаррух Иброҳимов – 62) , 14. Азиз Амонов, 20. Ғуломҳайдар Ғуломов, 25. Жавоҳир Алижонов (3. Жаҳонгир Абдумўминов – 75), 26. Дилшод Комилов (19. Аваз Ўлмасалиев – 62), 28. Шуҳрат Муҳаммадиев, 37. Шерзод Файзиев, 52. Жалолиддин Жумабоев, 77. Диёр Туропов (10. Марат Бикмаев – 61).
Захира: 13. Рустам Нартожиев, 2. Бобур Асқаров, 9. Кирилл Погребняк, 70. Шоҳжаҳон Қиличев.