04.01.2022
Бахтиёр Ашурматов бошчилигидаги “Қўқон-1912” жамоаси футболчилари бугун Қўқон шаҳрида ўзларининг янги йилдаги илк ўқув-йиғин машғулотларини бошлашди.
Қўқондаги “марказий” стадионида бўлиб ўтган бугунги машғулотларда жами 20 нафар футболчилар иштирок этишди. Дарвозабонларимиз илк кундан тўлиқ таркибда шуғулланишди. Хуршид Хўжаев, Музаффар Абдуллаев ва Ислом Абдуллаевлар янги йилнинг дастлабки кунлариданоқ яхши спорт формасида эканликлари кўриниб турди. Мураббийлар штаби ўтган йилги таркибнинг асосий қисмини сақлаб қолиш ҳамда айрим чизиқларга янги футболчиларни жалб қилишни мақсад қилишган. Бугунги машғулотларда жамоа таркибига янги қўшилган Билолхон Тошмирзаев ҳам иштирок этди. Шунингдек ёшлар таркибидан ҳам бир нечта иқтидорли футболчилар асосий жамоа машғулотларига жалб қилинган. Узрли сабабларга кўра бугунги машғулотларга етиб кела олмаган Мўмин Мелиев, Ойбек Рустамовлар эртага бўладиган машғулотларга қўшилишади. Таркибга янги футболчилар келиб қўшилиши кутилмоқда. Мураббийлар штаби бир нечта янги номларни жамоа кўригига таклиф қилишган. Биз уларни йиғин давомида сизларга таништириб борамиз. Жамоа етакчилари Мурод Холмуҳаммедов ҳам Александр Мерзляковлар машғулотларга бироз кейинроқ келиш учун мураббийлар штабидан рухсат олишган. Эртадан машғулотлар икки маҳал бўлиб ўтади. Дастлабки йиғинда асосан футболчиларнинг жисмоний ҳолатларини яхшилашга қаратилган машғулотларга кўпроқ урғу берилади.