19.04.2022
Шу кунларда юртимизда Ўзбекистон Coca Cola кубогининг гуруҳ босқичидаги сўнгги тур ўйинлари бўлиб ўтмоқда.
Муддатидан олдин гуруҳдан чиқиш масаласини ҳал қилган “Қўқон-1912” жамоаси эртага гуруҳдаги сўнгги учрашувини ўтказади. Жамоамиз бу турда Муборакнинг “Машъал” жамоасини қабул қилади. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари бу ўйинда ҳам ўзларининг ғалабали юришлари билан мухлисларни хурсанд қилишни мақсад қилган ҳолда эртагалик ўйинга жиддий тарзда тайёргарлик кўришмоқда. Гарчи 1/8 финал йўлланмаси қўлга киритилган бўлсада, гуруҳдаги 1-ўрин масаласи ҳал бўлгани йўқ. Шунинг учун ҳам “Машъал”га қарши бўладиган ўйин жамоамиз учун муҳим ҳисобланади.
Буни яхши ҳис қилган “шунқорлар” кунига машғулотларга зўр беришмоқда. Қўқондаги “марказий” стадионида бўлиб ўтаётган машғулотларда жароҳати боис сардоримиз Мурод Холмуҳаммедов, дарвозабонлар Нодирбек Ашурматов ҳамда Исломжон Абдуллаевлар иштирок этишмаяпти. Мураббийлар бу футболчиларни ўрниларини тўлдириш учун ўринбосарлар таркибидан бир нечта футболчиларни ҳам асосий таркиб машғулотларига жалб қилишган.
“Қўқон-1912” – “Машъал” учрашуви эртага 20 апрел куни, соат 17:00да, Яйпандаги “Ўзбекистон” стадионида бошланади. Учрашувни “Sports.uz” сайти жонли равишда трансляция қилишни режалаштирган.