16.09.2022
Бугун Ўзбекистон Coca Cola суперлигасининг навбатдаги тур учрашувида жамоамиз Қаршида “Насаф” жамоасининг меҳмони бўлади. Шу муносабат билан Қаршига келган жамоамиз раҳбарлари кеча Ғузорнинг “Шўртан” клуби қароргоҳида бўлишди. Клубимиз президенти Григорий Викторович Айрапетов ҳамда жамоамиз техник директори Виталий Николевич Ни Ғузорда “Шўртан” клубининг стадиони, базаси ҳамда футбол академиясида бўлишди. Раҳбарларимизни “Шўртан” клуби бош менеджери Шамиль Самигулович Ярулин кутиб олди ҳамда клуб инфрастурктураси билан ҳамда клубнинг академиясида болаларга яратилган шароитлар билан батафсил таништирди. “Шўртан” академияси 2021 йилда янги очилган бўлиб, академияда 60 нафар болаларга ётоқ, машғулотлар ўтказиш, овқатланиш учун барча шароитлар яратилган. Ҳар икки клуб раҳбарлари ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйишга, ўзаро тажриба алмашиб боришга келишиб олишди. Шу ўринда самимий муносабат ҳамда меҳмондўстлик учун Шамиль ака Ярулинга жамоамиз раҳбарияти номидан миннатдорчилик билдирамиз.
Шунингдек раҳбарларимиз кеча Қаршидаги “марказий” стадионга ташриф буюриб, “Насаф” жамоаси бош менеджери Алишер Юсупов билан ҳам учрашдилар. “Марказий” стадионда футболчи ҳамда мухлисларга яратилган шароитлар билан танишгач, жамоамиз вакиллари стадион майсасини парваришлаш борасида мутахассислар билан тажриба алмашдилар.