30.06.2018
Қўқон шаҳрида болалар футболига эътибор йилдан йилга ортиб бормоқда. Ўтган йилларда “Қўқон-1912” футбол клуби , Қўқон шаҳридаги 51-сонли мактабгача тарбия муассасасида “жажжи шунқорлар” футболга ихтисослашган гуруҳларини ташкил қилган эди.
Ҳозирги кунда ушбу гуруҳга Мексикада бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионати қаҳрамонларидан бири Равшанжон Ҳайдаров мураббийлик қилмоқда.
Яқинда эса шаҳримизда болажонлар учун Германия билан ҳамкорликдаги “ЖФЛ-Қўқон” футбол мактаби ишга тушганидан хабарингиз бор.
Бугун “Аҳмадхон” спорт мажмуасида “ЖФЛ-Қўқон” ҳамда “Жажжи шунқорлар” гуруҳлари тарбияланувчилари ўртасида ўртоқлик ўйини бўлиб ўтди. Майдонда 4-7 ёшли футболчилар ўзаро баҳс олиб боришди. Айтиш лозимки бу ўйинни кузатиб борган ота-оналар ва мухлислар, жажжи болажонларнинг тўп билан ҳаракатларини ўзгача бир ҳаяжон ва қизиқиш билан томоша қилдилар.
Учрашувда бироз тажрибалироқ бўлган Р Ҳайдаров бошчилигидаги “жажжи шунқорлар” 4-2 ҳисобида ғалаба қозонишди.
Биз келгусида бу болажонлардан жамоамиз ва ватанимиз шаънини муносиб ҳимоя қиладиган , кучли футболчилар етишиб чиқишига умид билдирамиз.