01.11.2018
27-турда “Нефтчи”ни доғда қолдирган футболчиларимиз Қарши шаҳрига юқори кайфиятда ташриф буюришганди. Тошкентдаги машғулотлар ҳам юқори даражада ўтиб, футболчиларимиз фақат ғалаба учун майдонга тушишганди.
4-дақиқада майдон эгаларида ҳисобни очиш учун яхши имконият юзага келганди. Ғолиб Ғайбуллаевнинг зарбасини Ўткир Юсупов ушлаб олди. Орадан бир дақиқа ўтиб, энди футболчиларимизда яхши вазият бўлди. Бироқ Мерзляковнинг жарима майдончаси ичига ошириб берган тўпига шерикларидан ҳеч ким етиб кела олмади. 11-дақиқада ҳимояда хатога йўл қўйдик. Бахтимизга Шароф Муҳиддиновнинг зарбасига аниқлик етишмади. 14-дақиқада Қувондиқ Рўзиевнинг узатмаси шеригига етиб бормади. Акс ҳолда хавфли ҳужум ташкил этишимиз мумкин эди. 16-дақиқада “Аждарлар”да яхши имконият вужудга келди. Бобур Абдухолиқовнинг зарбаси мўлжалига етиб бормади.
19-дақиқада рақибларимиз Жавоҳир Сидиқовни қўполлик билан тўхтатиб қолишди. Жарима тўпидан Жавоҳирнинг ўзи зарба берди. Жавоҳир Сидиқовнинг зарбаси рақиб ҳимоячиси тегиб Жасур Ҳакимовга бориб тушди. Жасурнинг зарбасини ҳам рақиб ҳимоячичи қайтарди.
22-дақиқада мезбонлар ҳисобни очишди. Чиройли комбинацияни Бобур Абдухолиқов гол билан якунланди. Гол ўтказиб юборгач, катта куч билан олдинга ташландик. Рақиб дарвозаси олдида босимни кучайтирдик.
Тайм охирида “Аждарлар” дарвозаси олдида кетма-кет ҳужумлар ташкил этишларига қарамай, рақиб дарвозаси томон йўл топа олмадик. Жамоалар шу ҳисобда танаффусга чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимни вакилларимиз анча фаол тарзда бошлашди. 50-дақиқада вакилларимиз ҳисобни тенглаштиришга муваффақ бўлишди. Қанотдан бошланган ҳужум Жавоҳир Сидиқов рақиб дарвозасини ишғол этилиши билан якунланди.
Тайм ўрталарига келиб ўйин бироз пасайди. Жамоалар эҳтиёткорликка берилишди. 80-дақиқада мезбонлар олдинга чиқиб олишлари мумкин эди. Ислом Рашидхоновнинг дарвозабонимиз устидан ошириб қўйган тўпи ноаниқ бўлди.
Қолган дақиқаларда ҳар икки жамоа шиддатли ҳужумларни ташкил этишига қарамай, таблодаги ҳисоб ўзгаришсиз қолди. Шу тариқа, жамоамиз Қаршидан бир очко билан қайтадиган бўлди.
Айтганча, бугун жамоамизни бевосита стадионда бир қатор қўқонлик мухлислар ҳам қўллаб-қувватлаб туришганини айтиш жоиз. Уларга раҳмат айтамиз.
Pepsi суперлига
28-тур
“Насаф” – “Қўқон-1912” – 1:1 (1:0)
Ҳакамлар: Валентин Коваленко, Руслан Серазетдинов, Темур Гайнуллин, Элёр Турсунов.
Назоратчи: Ноил Лутфуллин
Комиссар: Бекзод Арипов.
Голлар: Бобур Абдуҳолиқов (22). – Жавоҳир Сидиқов (50).
“Насаф”: 35. Санжар Қувватов (с), 5. Ғолиб Ғайбуллаев, 7. Одилжон Ҳамробеков (4. Мақсуд Каримов -61), 10. Бобир Абдухолиқов (9. Амиржон Сафаров -71), 14. Шароф Муҳитдинов, 17. Дониёржон Нарзуллаев, 18. Бобир Давлатов, 20. Ислом Кенжабоев (31. Сайдулло Раҳматов – 81), 27. Ислом Рашидхонов, 28. Хуршидбек Мухторов, 92. Умарбек Эшмуродов.
Захира: 1. Умиджон Эргашев, 65. Машҳуржон Муҳаммаджонов, 3. Илҳомжон Алижонов, 15. Дилшод Саитов, 49. Ойбек Бозоров, 52. Шерзод Темиров.
“Қўқон-1912”: 1. Ўткир Юсупов, 5. Ғиёс Комилов (65. Марко Милич – 75), 10. Жавоҳир Сидиқов, 15. Ойбек Рустамов (4. Баҳодир Акрамов – 90), 17. Қувондиқ Рўзиев (96. Муҳаммаданас Ҳасанов – 46), 19. Суҳроб Бердиев, 22. Мурод Холмуҳаммедов, 23. Александр Мерзляков, 55. Дарко Гожкович, 70. Жасур Ҳакимов, 79. Иқбол Маликжонов.
Захира: 71. Сарвар Каримов, 9. Носир Отақўзиев, 38. Достон Мелиқўзиев, 78. Бехруз Саъдиллоев.