03.04.2019
«Қўқон-1912» вакиллари барча ўтказадиган тадбирларга таклиф этиб келишади. Бу сафар 2-тур учрашувлари бошланиши арафасида янги ўйинчиларни таништириш маросимига ташриф буюрдик. Қўқондаги “Марказий” стадионда маросим чиройли ўтди. Айниқса, маҳаллий ишқибозлар жиддий тайёргарлик кўришган экан. Битта секторни тўлдириб ўтиришиб, байроқ ҳилпиратишлари ўзига хос тарзда чиқди. Якуний қисмда клуб мутасаддилари ва ишқибозлар ўртасида савол-жавоб ўтказилди. Янги мавсумда клуб олдида турган вазифа, амалга оширилаётган ишлар ҳақида билиш учун клуб президенти Бахтиёр акага мурожаат қилдик.
– «Қўқон-1912» клубининг бошқалар андоза олишга арзийдиган ишларини газетамиз орқали кенг тарғиб қилиб келамиз. Аммо, ўтган йили бироз сустлашгандек тасаввур уйғотдинглар. Янги ғоялар ҳақида деярли эшитмай қўйдик. Футболдан кўнгил совугани йўқми?
– Бундай бўлиши мумкин эмас. Аввало газетанглар ҳақида айрим кузатувларимни билдириб ўтмоқчи эдим. Дарҳақиқат, анча йиллардан буён илиқ муносабат ўрнатганлигимизни эътироф этиши мумкин. Барча тадбирларга таклиф қилиб турамиз. Кўпроқ таҳлилий мақолаларга эътибор қаратишинглар тарафдоримиз. Бизга нисбатан танқидий муносабатлар билдирилганда ҳам ўринли бўлса, тўғри қабул қиламиз ва ҳолатни ўнглаш учун қўлдан келганча ҳаракат қиламиз. Газета ўқувчилари сони янада ортиб боришига тилакдошман. Дарҳақиқат сиз билан суҳбат қилганимизда асосан амалга оширган ишларимиз ҳақида гапириб ўтаман. Биргаликда йўлга қўйилаётган янгиликлар билан таништирардим. Ўз-ўзини маблағ билан таъминлаш борасида мамлакатимиздаги ягона клуб сифатида тилга олинардик. Эндиликда бундайлар сони ортиб бораётганлиги қувонарли ҳолдир. Фарқли томони, хусусий клуб дегани билан ортларида бақувват мулкдорлар турганлигини эътироф этиш даркор. Биз ҳамон ўзимизнинг ички имкониятларга таяниб келмоқдамиз. Ишлаб чиқариш корхоналари, автовокзал, истироҳат боғидаги олиб келиб ўрнатилган аттракционлар. Шулардан тушган даромадларни клуб эҳтиёжи учун сарфламоқдамиз. Биргина корхонада 250 га яқин ишчи ўрин яратилган. Пойабзал ишлаб чиқариб, асосан Россияга экспорт қилинмоқда. Ёнида мих, симтўрлар ишлаб чиқариш корхонаси фаолият юритмоқда. Тошкентлик сармоядорларни жалб қилиш ҳисобига эришдик. Январь ойидан бошлаб дастлабки маҳсулотларни етиштирмоқдамиз. Буларнинг бариси клуб қошида амалга оширилаётганлиги қувонарли ҳолдир. Ўтган йили Голландияга сафар уюштириб, «Аякс» академиясининг фаолияти билан яқиндан танишиб қайтгандим. Келганимдан сўнг бутун ўй-хаёлларим мустаҳкам пойдевор ҳақида бўлиб қолди. Бу борада ўзимизда ҳам жиддий ишларни йўлга қўймоқчимиз. Қолаверса, ПФЛнинг талабларига монанд равишда фаолият юритишимиз керак бўлади. Умуман, ЎФА, ПФЛ томонидан қабул қилинаётган қарорлар барчага бирдек маъқул тушавераётган бўлмаслиги мумкин. Иккинчи томондан, шу баҳона клублардаги фаолиятларни такомиллаштириб, тартибга солинмоқда. Ўтган йили қўйилаётган талаб бўйича биз ҳам дастлаб иккилангандик. Маблағимиз етмайди деган баҳона билан стадион трибуналарини оқлаб, ўриндиқларни бўяб қўйиш билан чекланишимиз мумкин эди. Ўзимиз учун фойдали эканлигини ўйладик. Банкдан кредит олиб, катта ҳажмдаги таъмирлаш ишларини амалга оширдик. Йил давомида кредитни ҳам тўлашга улгуриб, қарзлардан батамом қутилдик. Мана энди стадионимиз ҳам чиройли ҳолатга келганлигидан қувониб юрибмиз. Эндиликда майдон чимини батамом янгилашимиз кераклигини тушундик. Мазкур масалани ижобий ҳал этиш мақсадида хорижнинг турли фирмалари билан алоқага чиқдик. Нархи ва сифати қониқтириши мумкин бўлганлари билан музокарага киришдик. Мана 10 кун бўлди, чимларни олиб келиб, ётқизиб чиқдик.
– Келтирилган чимлар қайси фирмага қарашли?
– «Насаф» майдонини қилган Игорь исмли йигитнинг хизматларига таяниб келяпмиз. Корейс миллатига мансуб инсонлар Тошкент вилоятида махсус чимларни экишиб, иқлимимизга мос тушиш-тушмаслиги борасида тажриба ўтказишибди. Тўғри келганлигини таъкидлашди. Уруғни АҚШдан олиб келинди. Суғориш тизими автоматлаштирилган ҳолда амалга оширилди. Мутахассислар ҳолатни тўлиқ назорат қилишиб, яна икки ойдан сўнг бемалол майдонимиздан фойдаланишимиз мумкинлигини айтишди. Май ойи охири ёки июндан бемалол уй учрашувларини “Марказий” стадионимизда ўтказаверамиз. Мана шу ишларнинг амалга ошиб қолганлиги ҳам клубнинг фойдасига хизмат қилади. Шунингдек, навбатдаги расмий беллашувлар бошлангунга қадар талабда қўйилган навбатдаги ишни амалга оширмоқчимиз. Стадион ёритқичлари 1200 люксга тенг эди. Энди шуни 1500 га чиқаришимиз керак. Ўринбосарларни тайёрлаш борасида юқорида тўхталганимдек бир қатор режалар тузиб қўйганмиз, ғоялар устида ишлаяпмиз. Голландияда тўрт кун мобайнида семинарда иштирок этдим ва бизга асқотиши мумкин бўлган жиҳатларни қоғозга тушириб қўйганман. Кўзлаган мақсадимизга эришсак, Қўқон халқи учун ўзига хос эсдалик бўлиши турган гап. Келаси йили ишга тушиши кўзда тутилмоқда. Худди «Насаф», «Бунёдкор» академиялари билан бир қаторда турадиган даражага чиқишимиз даркор. Энг асосийси, мураббий ва футболчиларнинг маош, мукофот пуллари вақтида тўлаб келинмоқда. Қўқон вилоят маркази эмас. Йирик корхоналар ҳудудимизда фаолият кўрсатмайди. Шундай бўлса-да, суперлига талабларига мос тувшиш учун барча ҳаракатларни амалга ошириб келмоқдамиз.
– Клуб мисқоллаб пул топаётганлиги рост. Суперлигада энг кам йиллик бюджетга эга бўла туриб, барчасига улгуряпсизлар, имкон топяпсизлар. Пулни тежаб, ўрнида сарфласа, имконни қилса бўлар экан-да! Қўйилаётган талаблар ҳам ўрнида бажарилмоқда. Омилкорликда иш кўрилса, барчасига эришиш мумкинлигини амалда исботлаб қўймоқдасизлар.
– Шундай. Бир қатор суперлига клубларининг сметалари билан танишиб чиқиш жараёнида, иқтисодий имкониятлари бизда бўлганида, бемалол чемпионлик учун кураша олган бўлардик, дея ўйланиб қоламан. Ҳатто Осиё чемпионлар лигасида муваффақиятли тўп суришни таъминлаш мумкин бўлади. Мана бешинчи мавсумдирки, юқори дивизионда тўп суриб келмоқдамиз. Шу кунгача бирорта мураббий ёки футболчининг ҳаққи қолиб кетгани йўқ. Устимиздан шикоят қилиб, бошқа ташкилотларга боришлари учун асос қолдирмаймиз. Ҳаммасини имкониятимиз даражасида амалга ошириб келамиз. Йўқ жойдан катта ваъдаларни бериб юбормаймиз. Бу йил бизга ёрдам бериши мумкин бўлган ўйинчиларнинг бирортаси кетмоқчи эканлигини изҳор этишмади. Демак, тўғри йўлдан бораётганлигимизнинг исботидир.
– Жавоҳир Сиддиқовнинг «Пахтакор»га ижарага берилишини маҳаллий мухлислар ҳазм қилиши қийин бўлмоқда…
– Режа бўйича Жавоҳир хориж клубларидан бирига йўл олиш керак эди. Лекин айрим сабабларга кўра амалга ошмай қолди. Ўйинчилик даражаси жамоамизникидан анча ўсганлиги рост. Клуб билан тузган шартномаси якунига етган бўлса-да, биз билан янги битим тузиб, Осиё чемпионлар лигасида иштирок этаётган «Пахтакор» сафига ижара асосида бориб қўшилди. Янада даражаси ортиб, яхши савиядаги ўйинчилар қаторида туришини хоҳладик. Кейинчалик легионерга айланса, бизга ҳам иқтисодий жиҳатдан катта фойда келтиради. Ўзини-ўзи маблағ билан таъминлайдиган клуб учун бу ташланган жиддий қадам ҳисобланади. «Қўқон-1912» клубига ўзига хос муносабатини изҳор этган йигитдан миннатдормиз. Шартномасини икки йилга чўздирди. Яхши биласиз, «Пахтакор»дан уни ўз вақтида текинга олгандик.
– Сиддиқовнинг иқтисодий жиҳатдан клуб учун ўта фойдали футболчига айланганлиги қувонарли ҳолдир.
– «Пахтакор»га ижарага ўтиши ҳам текинга амалга ошмади. Ҳисоб-рақамимизга яхшигина миқдорда пул ўтказиб беришди. Умуман, Жавоҳир учун амалга оширган барча сарф-ҳаражатларимиз тўлиқ ўзини оқлади. Асосийси, ҳамон ўзимизга қарашли ва хориж клубига ўтадиган бўлса, «Қўқон-1912» орқали трансфер қилинади.
– База масаласи ижобий ҳал этилмаётганлиги ҳам бироз тушунарсиздир. Жамоа аъзолари ҳамон Данғарадаги меҳмонхонада истиқомат қилаётганликларини қандай тушуниш мумкин?
– Дастлаб академия учун бино барпо этишимиз муҳим масалалардан бирига айланган. Клуб базаси ҳам мана шу ҳудудда қад кўтаради. Ўзимизнинг уйимизда оёқни бемалол узатиб ўтирганга нима етсин! Биринчи галда ҳолатнинг иқтисодий томонларини инобатга оламиз. Ортиқча сарф-ҳаражатларга йўл қўймаймиз. Шу нуқтаи назардан Данғарадаги меҳмонхонада истиқомат қилиш клуб учун иқтисодий томондан анча арзонга тушаётганлигини таъкидлашим керак. Битта базани ушлаб туриш учун ҳисоб-китобларга мурожаат қилсак, 20 та штат жорий қилинади. Ҳар бирига ўртача 1 миллиондан маош тўланса, умумий миқдор 20 миллион сўмни ташкил этади. Бу бир ойлик ишлатиладиган маблағлар. Солиқ учун тўланадиган қўшимча 10 миллионнни ёнига қўшиб қўйинг. Қолаверса, коммунал тўловлар ҳар ойда амалга оширилади. Бу ҳам ўз-ўзидан қўшимча сарф-ҳаражатга олиб келади. Ҳозирги кунда меҳмонхонада 20 га яқин аъзойимиз истиқомат қилишади. Ўтган йили ҳар бири учун кунига 65 минг сўмдан тўланарди. Ҳозирда миқдор 5 ёки 10 минг сўмга ортган бўлиши керак. Кунига 1,5 миллион сўм ишлатарканмиз. Ойнинг ярмини сафарда ўтказишимни ҳисобга киритадиган бўлсак, зарар қилаётганимиз йўқ. Қисқаси ҳар ойда 50 нинг ўрнига 20 миллион сўм сарфланмоқда. Мана бу оддий арифметикадир. Ўзимиз топадиган маблағларни сарфлашда ниҳоятда эҳтиёткор эканлигимизга исботдир.
– База деганда фақат истиқомат қилинадиган жой тушунилмайди? Машғулот ўтказиладиган майдон, тринажёр заллар, бассейн, сауна сингари қулайликлар назарда тутилади.
– Сиз санаб ўтган қулайликларнинг барчаси академия барпо этилиши билан биргаликда амалга оширилади. Ҳозир бошқа жойда ишни бошлаб қўйсак, бир-биридан узоқлашиб қолиши мақсадга мувофиқ эмас.
– «Қўқонспирт» АЖ корхонаси ичидан ер ажратилиб, шу жойда майдонлар қуриш ишлари бошланганди?..
– Қурганмиз, турибди. Корхона раҳбари билан жамоа аъзоларининг машғулотларни ўтказиб туришлари юзасидан гаплашдим. Ҳозирча Фарғонадаги стадионда тўп сурамиз ва майдон ўша томондан топилади. Клуб учун биринчи галда маблағни ўз ўрнига сарфлаш туради. Биз 1,5-2 миллиард сўмга автобус сотиб олишнинг мавриди эмас деган қарорга келдик. Ўз «Исузи» автобусимиз бор ва Тошкентга борганимизда ижара асосида бошқасидан фойдаланишимизга тўғри келади. Иқтисодий жиҳатдан бу вариант ҳозирча маъқул эмас. «Мерседес» автобусидан ижара асосида фойдаланиб турибмиз. Иқтисодий имкониятларимиз юқори даражага чиқсин, сарфларни дадил қилаверамиз.
– Жамоа ўтган мавсумда бир жойда қотиб қолгандек тасаввур уйғотди. Бош мураббийнинг фаолиятидан қониқяпсизми?
– Кучли олтиталикка киришимизга қаттиқ ишониб юборгандик. Биринчи босқичнинг охирги ўйинларида йигитларнинг ҳаракатлари бироз ўхшамай қолди. Шундан кейин маълум фурсат сустлашиб қолдик. Руҳшунос жалб қилишимизга тўғри келди. Натижада сўнгги олтита баҳснинг тўрттасида ғалаба қозониб, иккитасини дуранг билан якунладик. Ваҳолангки, тайёргарлик чакки эмасди. Саволингизнинг иккинчи қисмига келсак, Нўъмон Ҳасановнинг иши қониқтираётганлиги учун бу йил ҳам ҳамкорликни давом эттирмоқдамиз.
– Эндиликда талаб қилишга ҳаққингиз бор. Муносиб шароитлар яратилиб, айтилган ўйинчилар олиб берилди.
– Қишки ўқув-машғулот йиғинлари давомида мураббийлар қайси футболчиларни айтган бўлишса, таклиф қилдик. Жамоанинг ҳозирги ҳолати ёмон эмас. Омадга боғлиқ эканлигини ҳам унутмайлик.
– Қишда хориж йиғинларига чиқилмаганлигини мураббийлар кейинчалик рўкач қилишмайдими?
– Ўзингиз таъкидлаганингиздек, пулни мисқоллаб топмоқдамиз. Январда Осиё чемпионати ўйинларини кўриш учун сафарга кетгандим. Тошкентнинг «Локомотив»и Москванинг «Спартак»и билан назорат-синов учрашувида майдонга тушишини эшитиб, бир қатор ишқибозлар билан боришга қарор қилдик. Ўйинлардан бўш кун эди. Дубайдан чиқиб кетишда чўлнинг ўртасида барпо этилган майдон экан. Ўшалар яратиб қўйган шароитни эндиликда ўзимизда ҳам топса бўлади. Балки кучли спарринг рақиблар борасида хориж сафари фойдали ҳисобланар. Лекин қулайликлар томонидан айтадиган бўлсак, катта фарқни кўрмадим. Ўзбекистонда футбол инфратузилмаларини тартибга келтириш борасида катта ишлар амалга оширилди. Ҳозирда Тожикистон, Қирғизистон жамоалари юртимизга келишиб, йиғинлар ўтказишмоқда. Ортиқча сарф-ҳаражатга ҳожат йўқ. Сифатли майдонлар сони ҳам аста-секин кўпайиб бормоқда.
– Бу йил қандай натижалар кўзланмоқда?
– Ниятимиз кўплаб ғалабаларни қўлга киритиб, мухлисларимизни хурсанд қилишдир. Ютуқлар келиб турса, албатта юқори ўринларга даъвогарлик қиласиз. Сизни хабардор этган 5 йилга мўлжалланган режамизда Осиё чемпионлар лигасига бериладиган йўлланмалардан бирини қўлга киритиш бор эди. Ҳозирда режанинг охирги йили ва ажаб эмас ниятларимиз ижобат бўлса.
Абдулҳафиз Абдулазиз ўғли суҳбатлашди.
“Футбол экспресс” газетасидан олинди.