11.04.2019
Расмий равишда рўйхатдан ўтказилиб фаолият юритиб келаётган «Қўқон-1912»нинг «Содиқ мухлислар» клуби йилдан-йилга шаклланиб бораётганлигини айтиб ўтиш жоиз. Ҳали севимли жамоаларини қўллаб-қувватлаш борасида жиддий кучга эга бўлмасалар-да, изланишлар олиб боришиб, турли тадбирлар ташкил этишмоқда. Янги футболчиларни таништириш маросими якунига етганидан сўнг, фаоллар билан алоҳида қолиб, бир қатор мавзуларда суҳбатлашиб ўтирдик. Старт олган мавсумга тайёргарлик қандай кечди, бугунги кундаги ҳолатга муносабатлари, стадионда ўтирганда мухлислик маданияти сингари долзарб масалаларни биргаликда муҳокама қилдик. Ҳар бирининг фикрларини қунт билан тинглаб, баъзиларини сизларнинг ҳам эътиборингларга ҳавола қиляпмиз.
Мамлакатимиздаги бир қатор клубларнинг мухлислари фаоллари билан амалга ошириб келаётган туркумий суҳбатлар орқали кўплаб мақсадларни кўзлаётганлигимиз рост. Футболни ишқибозларсиз тасаввур қилиш қийин. Чиройли тарзда ўтиши учун ўйин маҳалида ўзларини тутишлари, қўллаб-қувватлашлари далда бўлиши муқаррар. Аввало бир-бирлари билан аҳил муносабат ўрнатишлари тарафдоримиз. Тартиб-интизомга амал қилган ҳолда, мамлакатимизда ҳам мухлислик даражасини кўтаришга даъват алоҳида ўрин тутади. Қўқонликларнинг «Андижон»га қарши Фарғонада ўтадиган ўйинидан олдин айрим ишқибозлар билан суҳбатлашмоқчи эканлигимизни олдиндан огоҳлантириб қўйдик. Зеро, муҳим водий дербиси арафасида ҳар бирлари ўз жамоасига ғалаба тилашдан ташқари, жиддий рақобатга киришишларини ҳам тахмин қилиш қийин эмас. Стадиондан чиққач, бошқа-бошқа жамоага мухлислик қилганларини унутишиб, илиқ муносабатни сақлаб қолишлари фойдалидир. Эски қадрдонлардек мулоқот қилишда давом этсинлар. Барчамиз ўзбекистонликмиз ва ниятимиз ягона: футболимизнинг янада юксалишини истаймиз. Трибуналаримиз томошабинга тўлиб, хориж чемпионатларидан қолишмайдиган даражада қўллаб-қувватлашни йўлга қўйиш. Ғаразли мақсадларни кўзлаб, арзимаган баҳоналар орқали бошқаларни ҳақорат қилиш, жанжал чиқариш ниятида бўладиган тажовузкор «фанат» дея ўзини атовчиларга сафлардан ўрин тегмаслиги даркор.
Фарғонадаги беллашув давомида мухлислар ўртасидаги рақобат ҳам чиройли тарзда кечганлигини таъкидламоқчимиз. Шубҳасиз андижонликлар сон ва тажриба жиҳатидан устунликларини намоён эта олишди. «Репертуарлари» ҳам бой эканлиги сезилиб қолди. Бундай фикрларни баҳс якунига етганидан сўнг холис инсонлардан ҳам эшитдик. «Содиқ мухлислар» клуби аъзолари эса ўз йўлларини топиб олиш устида изланишмоқда. Ҳали сафлардаги барқарорлик, ўзаро тушунча бироз шаклланмаганлиги сезилди. Суҳбатни юқорида таъкидлаганимиздек, учрашувдан олдин ўтказган бўлсак-да, долзарблиги йўқотмади. қолган гапларни бевосита мулоқот қатнашчиларининг ўзларидан тингласак.
– Бир вақтлар «Қўқон-1912» ишқибозлари анча ашаддий ҳисобланишарди ва баъзан қуюшқондан чиқиб кетишинглар кузатилган. Бугунга келиб тартиб-интизом асосий ўринга чиқиб бораётганлиги сезилмоқда. Жамоа аъзолари мағлубиятга учрашганда ҳам илгаргидек ҳақорат қилмай, кўнгилларини кўтаришга уринаётганларингнинг гувоҳига айланмоқдамиз. Ижобий ўзгаришлар сабабини изоҳлаб ўтсангиз?
Шавкатжон Жалилов: – Узоқ йиллик тарихимизга мурожаат қилсак, маданият ўчоғи Қўқонда бўлганлигини тушунамиз. Ишқибозлик ҳам шунга монанд равишда бўлиши тарафдоримиз. Доимо маслаҳатлашиб, керакли ўринларда бир-бирларимизни тўлдириб, мухлислик даражасини ошириб, фаолиятимизни янада яхшилаб боришга эришишимиз даркор. Ҳали ишларимиз наъмуна оладиган даражага чиқди, дея олмаймиз. Бу йўналишда амалга оширадиган ва тартибга келтирадиган соҳаларимиз етарли. Бу йил ишқибозлик маданиятини янада оширишга жиддий эътибор қаратмоқчимиз. Фаолларни стадионнинг турли секторларига жойлаб, беллашувлар маҳалида ўзини тута олмайдиганларни тартибга чақирамиз. Албатта мазкур паллада ёши улуғ, кўпчиликнинг ҳурматини қозонган инсонларнинг фойдасига таянамиз. Тартибни бузгани учун кимнидир стадиондан ҳайдаб чиқаришга ҳаққимиз йўқ. Интизомли ишқибозлар сони ортиб борсагина савиянинг кўтарилиши ҳақида мулоҳаза юрита оламиз. Токи, ўзини тута олмайдиганлар ҳисобига клубимиз иқтисодий томондан жабр кўришини хоҳламаймиз.
– Ўз даврида жамоа Қўқондаги стадионда ҳеч кимдан енгилмасди. Ғурурнинг кучлилиги ҳисобига етакчиларга ҳам муносиб қаршилик кўрсатишарди. Шароитнинг қандай эканлигидан қатъий назар, футболчилар майдонга тушганларидан сўнг бутун борлиқларини бериб тўп тепишарди. Ориятни асосий ўринга қўйган ҳолда курашга киришадиган жамоани соғингандирсизлар?
Муҳаммаджон Отажонов: – Қўқон футболининг тарихи узоқ йилларга бориб тақалишини яна бир карра эслатиб ўтишимизга ҳожат бўлмаса керак. Бежиз ўзбек футболининг ватани деб аташмайди. Тўғри таъкидладингиз, ўз вақтида етакчи клублар аъзолари ҳам стадионимизга қадам қўйишганда оёқларидаги қалтироқлар сезилиб турарди. Шунга монанд равишда муҳит яратишга эришардик. Иқтисодий имкониятлар ночор бўлган маҳалда ҳам ғурурларини асосий ўринга қўйиб, ишқибозлар ҳурмати учун тўп суришда давом этишган. Бунинг асосий сабабларидан бири, таркибнинг ўзагини ўзимиздан етишиб чиққан маҳаллий футболчилар ташкил этишарди. Ҳозирги бош мураббийимиз Нўъмон Ҳасанов ҳам мана шу авлод вакилларидан бири саналади. Ундан аввал ҳам ориятли ижрочилар кўпчиликни ташкил этган. Зоҳид Нурматов, Муҳиддин Абдувалиевларни алоҳида санаб ўтишим мумкин. Ойлаб маош ололмаган бўлсалар ҳам майдонга тушганларида ҳеч нимани сездирмай, бутун борлиғини бериб футбол ўйнашда давом этишган. Ажойиб даврлар бўлганлигини ишқибозлар ҳамон эслаб туришади. Шундай вақтлар бўлганки, стадионда ўтирганларнинг олқишларидан руҳланишиб, анча-мунча рақибга ўйнагани беришмаган. қарсак чалиб туриш ҳам улар учун ўзига хос рағбат ҳисобланарди шекилли. Аста-секин мана шундай даврни унутиб бораётгандекмиз. Ҳатто кўникиб ҳам қолдик шекилли. Бугунги кунда шароитлар яхши, таркибга малакали ижрочилар жамланишган. Бир пайтлар жамоанинг ортидан Россиянинг Находка шаҳригача борганмиз. У маҳалларда жамоамиз собиқ иттифоқ «Буффер зона»сида тўп сурарди.
Шарофиддин Турғунов: – Дарҳақиқат, у пайтларда таркибнинг 90 фоизини маҳаллий йигитлар ташкил этганлиги сабабли муносабатлар ҳам аъло даражада ўрнатилганди. Қўқон шаъни учун юрагини бериб ўйнашган. Жамоа аъзолари билан доимий равишда кўришиб, мулоқот қилиб туришимиз оддий ҳолга айланганди. Эртагалик ўйинда ғалаба қозонмасанглар бўлмайди, дея далда беришимиз кифоя қилган. Шижоатлари баланд эканлигидан бирортаси муаммолар ҳақида гапириб ўтирмасди. Ҳозирги кунда жамоа таркибидаги футболчиларни билсак-да, ўтириб, бир мулоқот қилганимизни эслай олмайман. Дўстона муносабат ўрнатилмаган. Ўйлаб қўйган фикрларимизни ўзларига етказишнинг имкони йўқ. Мана шу мақсадда бош мураббий ва клуб раҳбарларидан илтимосимиз шуки, жамоа аъзолари билан ишқибозлар ўртасидаги муносабат яхши даражага чиқарилиши керак. Улар билан тез-тез учрашиб, ҳар бир томон ўзларини қизиқтираётган масалаларга ойдинлик киритиб олиш имкониятига эга бўлсин. Мана шундай суҳбатлар албатта фойда беради. Стадионда ўтирган мухлисларнинг «ҳарорати»ни ҳис қилишсин. Жаҳонгир Чилматов мухлислар билан доим мулоқот қилиб келган ўйинчиларимиздан бири эди. Шунингдек, Адҳам Жоналиевга бир марта бақириб, «яхши ўйнамайсанми», деб қўйишимиз кифоя қиларди. Шундай мулоқотлар зарур. Футболчи ва ишқибозлар ўртасидаги алоқани янада мустаҳкамлаш, бугунги кун талабидир.
– Андижонлик футбол шинавандалари билан муносабатлар аъло даражада ўрнатилган. Яна қайси жамоанинг фанатларини ўзингларга яқин оласизлар?
Ўлмасбек Сайфутдинов («содиқ мухлислар» клуби етакчиси): – «Андижон», «Пахтакор», «Бухоро», «Бунёдкор» сингари клубларнинг мухлислари билан илиқ муносабат ўрнатишга эришганмиз. Меҳмонга борилганда бир-биримизни ўзига хос тарзда кутиб оламиз. Суҳбатлашиб ўтириб, кўплаб мавзуларда мулоқот уюштирамиз. Умуман суперлигадаги барча жамоаларнинг ишқибозлари билан яхши алоқалар йўлга қўйилган. Азалдан Қўқонлик инсонлар ўзларининг меҳмондўстликлари орқали ажралиб туришади. Шаҳримизга ташриф буюрган барча учун ҳар биримизнинг хонадонимиз эшиклари доим очиқ, киришса хурсанд бўламиз. Дарҳақиқат андижонликлар билан муносабатларимиз аъло даражада. Иккала жамоа фанатлари ўтирган трибуналардан бир-бирларига салом йўллашиб, ҳурматимизни шу тариқа ифода этиб келамиз. Дўстлигимизга кўз тегмасин. Стадионда ўзига хос муҳит яратишга интиламиз. Рақобат майдоннинг ўзида, жамоалар ўртасида кечади. Бир-биримизни ҳақорат қилиш ёки камситиш умуман ёт тушунча. Муҳими бўлиша олмайдиган тарафларимиз йўқ. «Андижон» фан-клуби етакчиси Нодирбек Тўйчиевга алоҳида саломларимизни йўлламоқчимиз. Жамоа бу йил суперлигага қайтди. Ён қўшниларимизга ушбу мавсумда ҳам омадлар тилаб қоламиз.
– Жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилиб, майдонда бутун борлиғини бериб тўп сурган қайси футболчиларни илиқ хотиралар билан ёдга оласизлар?
Анвар Охунов (фахрий журналист): – Дарҳақиқат Қўқон футболининг тарихи узоқ йилларга бориб тақалади. Айрим сабабларга кўра турли узилишлар рўй бериб, жамоа фаолият юритмаган пайтлар бўлди. Шахсан ўзим гувоҳи бўлган даврларга келсак, бир пайтлар «Меҳнат» деб номланарди. Унинг таркибида ҳам бир қатор Қўқонлик футболчиларни учратиш мумкин бўлган: Мамат Асанов, Геннадий Чирков, Александр Сулаймонов, Анатолий Блиновларни ёдга оламан. Ўша даврдаги ишқибозларнинг ёқимтойига айланишган. Майдонда ярим куч билан ҳаракат қилганликларини умуман эслай олмайман. 1988 йили собиқ иттифоқ иккинчи лигасида тўп суришган. Таркибда маҳаллий ўйинчилар сал камроқ бўлган. Аста-секин ёшлар келиб қўшила бошлаган: Зоҳид Нурматов, Элвиддин Эюпов, Носир /офуров, Жамолиддин Тожибоевлар бор эди. Келаси йили уларнинг ёнига Нўъмон Ҳасанов, Наримон Осмонов, Муҳиддин Абдувалиевлар қўшилишди. Ҳар даврда янгитдан номлар кашф қилинди. Ака-ука Мухтор ва Соли қурбоновларни эслаш мумкин. Номлари келтирганларнинг барчаси жамоа шарафини муносиб ҳимоя қилишган. Баҳром Азимовни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Майдонда бутун борлиғини бериб ўйнарди ва ҳеч кимни аяб ўтирмасди. Жамоа мабодо ютқазиб қўйса, ўтириб олиб кўз ёш қиларди. Мағлубиятга учрашни ёқтирмайдиган болалар кўпчиликни ташкил этишган. Зоҳид Нурматовнинг ҳам катта меҳнатлари сингган. Жамоа сардори бўлган ва шерикларини ортидан эргаштиришга ҳаракат қилган. 1989 йили «Автомобилист» номи остида тўп суришган ва бутун мавсум давомида ўз майдонларида битта учрашувда енгилганлар холос. Шундан керакли хулоса чиқаришиб, ўз майдонимиздаги барча баҳсларни ғалаба билан якунлашган. Таркибдаги кўплаб футболчилар ўзларидан ижобий таассурот қолдиришган: Мурод қамчиев, Игорь Голованов, Ноил Губанов, Альфред Дитрих, Дамир Рахматулин алоҳида эслашга арзийдиган Ойдинбек Алиев бор эди. Жамоага катта фойдаси теккан. Баъзан ўзини эҳтиёт қилиши кераклигини ҳам унутиб қўярди. Ажойиб дриблингларидан унумли фойдаланарди.
– «Содиқ мухлислар» клуби жуда кўплаб тадбирлар ташкил этишади. Маблағни қандай топасизлар?
– Одилбек Юлдашев (мухлислар клуби фаоли): – Худди футбол жамоамиз сингари ишқибозлар клуби ҳам ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаб келади. Имкон қадар шахсий жамғармаларимиздан фойдаланамиз. Расмий равишда рўйхатдан ўтиб, МЧЖга айлантирганмиз. Банкда алоҳида ҳисоб-рақам очилган. Ташкил этилиши, ўзига хос воқелик бўлди. Амалга ошираётган ишларимизни тарғиб қилиб, сарфланган маблағлар борасида ҳисобот берилади. «Қўқон-1912» клуби директори Бахтиёр ака Толипов ҳам молиявий тарафдан ёрдам қилиб турадилар. Бошқа фан-клублар ҳам расман рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият юритишлари тарафдориман.
– Жамоадан бу мавсумда қандай натижалар кутилмоқда?
Эминжон Мирзамўйдинов: – Бу йил жамоанинг таркиби анча кучайганлигини эътироф этиш даркор. Камида мусобақа жадвалида кучли бешликка кириш учун кураш олиб боришларига тилакдошмиз. Албатта ишқибоз халқи доим максимал натижаларни тилаб қолади. Стадионда қўллаб-қувватлашдан ташқари, қўлимиздан келган ёрдамни аямаймиз.
Абдулҳафиз Абдулазиз ўғли тайёрлади
“Футбол экспресс” газетасидан олинди.