14.04.2019
Мазкур учрашув жамоамиз учун жуда муҳим аҳамият касб этарди. Олдинги баҳсда йирик ҳисобда мағлубиятга учраган футболчиларимиз ушбу ўйинда қандай бўлмасин ғалаба қозониб, мухлисларни хурсанд этишни мақсад қилишганди. Шу боис баҳс бошланиши билан вакилларимиз катта куч билан олдинга ташланди. 10-дақиқада Суҳроб Бердиев рақиб дарвозасига кириб боришга интилди. Жарима майдончаси ичида уни тўхтатиб қолишди. 25-дақиқада рақибларимиз ҳисобни очишди. Асад Собиржонов дарвозамизни ишғол этди. 35-дақиқада футболчиларимиз ҳисобни тенглаштириш учун яхши имконият ҳосил қилишганди. Аниқроғи, жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлгандик. Бироқ Марко Миличнинг зарбасига аниқлик етишмади. Биринчи бўлим якунланиши арафасида меҳмонлар иккинчи бор дарвозамизни аниқ нишонга олишди. Бу сафарги голга Достон Ибрагимов муаллифлик қилди. Таймнинг сўнгги дақиқаларида жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлдик. Холмуҳаммедовнинг зарбасини рақиб посбони эгаллаб олди.
Танаффусга жамоалар 0:2 ҳисобида чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимни футболчиларимиз жуда шиддатли тарзда бошлашди. Таймнинг илк дақиқаларидан рақиб дарвозаси олдида босим юзага келди. Аммо ҳар гал бухоролик ҳимоячилар яхши ўйин намойиш этишди. 55-дақиқада рақиб дарвозаси олдида яна бир хавфли вазият вужудга келди. Шахбоз Эркиновнинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди. 58-дақиқада ҳисоб йирик кўриниш олди. Жарима майдончамизга оширилган тўпни Иван Нагаев акробатик усулда дарвозамизга аниқ йўллади. 69-дақиқада вакилларимиз пенальти тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Пенальтини эса одатдагидек Мурод Холмуҳаммедов голга айлантириб ҳисобни қисқартирди. Голдан руҳланган қўқонликлар катта куч билан олдинга ташланишди. 80-дақиқада Мурод Холмуҳаммедовнинг зарбасини рақиб посбони бартараф этди. Орадан бир дақиқа ўтиб Мерзляков чап қанотдан Эркиновга аниқ пас берган эди. Шаҳбознинг бош билан берган зарбаси бироз ноаниқ бўлди. Шундан кейинги ҳужумларимиз ҳам самара келтирмади ва шу тариқа футболчиларимиз навбатдаги мағлубиятни тан олишга мажбур бўлишди.
Coca Cola Суперлига
4-тур
“Қўқон-1912” – “Бухоро” – 1:3 (0:2)
Ҳакамлар: Виктор Серазитдинов, Тимур Галеев, Андрей Сидоров, Акмал Раҳимов
Назоратчи: Рашид Айтеков.
Комиссар: Шерзод Ражабов.
Голлар: Мурод Холмуҳаммедов – 69 (пен). – Асад Собиржонов 25, Достон Ибрагимов 42, Иван Нагаев-58.
“Қўқон-1912”: 25. Сарвар Каримов, 7. Жамшид Ҳасанов (14. Аваз Маматхўжаев -70), 10. Қувондиқ Рўзиев, 11. Тимур Ҳакимов (17. Бехруз Садиллоев -46), 16. Жасур Ҳасанов (13. Жавоҳир Эсонқулов -46), 19. Суҳроб Бердиев, 22. Шаҳбоз Эркинов, 23. Александр Мерзляков, 55. Милош Николич, 65. Марко Милич, 70. Мурод Холмуҳаммедов.
Захира: 1. Ислом Абдуллаев, 89. Боян Кнежевич, 8. Муҳаммаданас Ҳасанов, 21. Тимур Усмонов, 27. Жасур Ёқубов, 99. Дилшод Баратов.
“Бухоро”: 35. Раҳим Давронов, 2. Иван Фатич, 3. Азамат Исроилов, 7. Иван Нагаев, 8. Саламат Қуттибоев (27. Роббим Ҳасанов – 72), 9. Асадбек Собиржонов (33. Тоҳир Шамсиддинов -83), 23. Бехруз Шодмонов, 28. Эргаш Исмоилов, 29. Владимир Баенко, 79. Жаҳонгир Абдумўминов, 99. Достон Ибрагимов (17. Жамолиддин Убайдуллаев – 62).
Захира: 12. Нодир Ашурматов, 46. Хуршид Ходжаев, 4. Миржалол Жумаев, 10. Фирдавс Асадов, 70. Акрам Баҳриддинов.