31.05.2019
Жамоамизнинг янги мусобақа – Лига кубогидаги биринчи учрашуви мамлакатимизнинг энг номдор клубиларидан бири “Пахтакор”га қарши ўйинга тўғри келди. Вакилларимиз гуруҳ босқичини “Шерлар”га қарши баҳс билан бошлайдиган бўлишди. Ушбу учрашувга футболчиларимиз жиддий тайёргарлик кўришганди. Жамоалар учрашувни эҳтиёткорлик билан бошлашди. 10-дақиқада Муҳаммаданас Ҳасановнинг боши билан йўллаган зарбаси кўнглидагидек чиқмади. 15-дақиқада Холмуҳаммедовнинг зарбаси дарвоза тўридан жой олишига бир баҳя қолди. Рақиб дарвозабони яхши ўйнаб, хавфни бартараф этди. 19-дақиқада Холмуҳеммадов-Маматхўжаев-Бердиев комбинацияси чиройли чиқди. Сўнгги паллада ҳимоячи ҳалақит қилди. 24-дақиқада футболчиларимиз ҳисобни очишга муваффақ бўлишди. Муҳаммаданас Ҳасановнинг узатмасини Милич боши билан рақиб дарвозасига жойлаб қўйди. Орадан бир дақиқа ўтиб, футболчиларимиз иккинчи голни киритишлари мумкин эди. 30-дақиқада Бикмаевнинг яқин масофадан тепган тўпини Каримов қайтаришга эришди. Биринчи бўлимни ажойиб тарзда ўтказган вакилларимиз рақиб дарвозаси олдида кетма-кет хавфли вазиятларни содир этишди. Футболчиларимиз бугун ўзгача иштиёқ билан тўп суришганини айтиш жоиз. 43-дақиқада Тимур Усмонов ҳимоячилар хатосидан унумли фойдаланиб, иккинчи тўпни киритди – 0:2. 45-дақиқада футболчиларимиз ҳисобни ийрик кўринишга келтиришди. Холмуҳаммедов 50 метрлар масофадан тўпни дарвозабон устидан ошириб ташлади – 0:3. Холмуҳаммедов майдоннинг жамоамиз томонидан туриб рақиб дарвозасини ишғол қилди. Супер гол. Танаффусга футболчилар шу ҳисобда чиқиб кетишди.
Иккинчи бўлимни ҳам футболчиларимиз фаоллик билан бошлашди. 46-дақиқада Холмуҳаммедовнинг жарима зарбасидан йўллаган зарбасини рақиб посбони катта қийинчилик билан қайтариб қолди. 60-дақиқада футболчиларимиз ҳисобни янада йирик кўринишга келтиришлари мумкин эди. Авазхон Маматхўжаев қулай вазиятни қўлдан бой берди. Ҳимоя марказида Марко Милич ҳамда Ойбек Рустамов тандеми жуда ишончли ўйин кўрсатишди. Умуман бугун майдондаги барча футболчилар яхши ўйин намойиш қилишди. 76-дақиқада мезбонлар майдонда бир киши кам бўлиб қолишди. Марко Симич иккинчи сариқ карточка сабабли майдондан четлатилди. 88-дақиқада Жавоҳир Эсонқуловдан ажойиб рейд ва зарба. Рақиб посбони ўз ўрнида. Сўнгги дақиқалар ўтиб бораётган пайтда футболчиларимиз тўртинчи тўпни киритишди. Суҳроб Бердиев жарима майдони ичидан дарвозани ишғол қилди. Шу тариқа футболчиларимиз янги мусобақадаги деюбтни йирик ғалаба билан бошлашди.
Лига Кубоги
Гуруҳ босқичи
1-тур
“Пахтакор” – “Қўқон-1912” – 0:4 (0:3)
Ҳакамлар: Жасур Мухторов, Султонмурод Ульфатов, Бахтиёрхўжа Шавкатов.
Назоратчи: Марат Исмоилов.
Комиссар: Аббос Аҳроров.
Голлар: Марко Милич (24), Тимур Усмонов (43), Мурод Холмуҳаммедов (45), Суҳроб Бердиев (90).
“Пахтакор”: Умид Ҳамроев, Владимир Козак, Марко Симич (С), Шерзод Аъзамов, Алишер Салимов, Сардор Собирхўжаев, Жаҳонгир Аҳмадов (Бобур Асқаров – 48), Драган Черан, Марат Бикмаев, Собит Синдаров (Руслан Розиев – 67), Шоҳруҳ Маҳмудҳожиев (Иброҳимҳалил Йўлдошев – 74).
Захира: Азизхон Исақов, Ҳумоюнмирзо Иминов, Садриддин Абдуллаев.
“Қўқон-1912”: 25. Сарвар Каримов, 8. Муҳаммаданас Ҳасанов (99. Дилшод Баратов – 87), 11. Темур Ҳакимов (17. Бехруз Садиллоев – 65), 14. Авазхон Маматхўжаев, 15. Ойбек Рустамов, 19. Суҳроб Бердиев, 20. Иқбол Маликжонов, 21. Тимур Усмонов (13. Жавоҳир Эсонқулов-58), 23. Александр Мерзляков, 65. Марко Милич, 70. Мурод Холмуҳаммедов (С).
Захира: 1. Ислом Абдуллаев, 16. Жасур Ҳасанов, 22. Шаҳбоз Эркинов, 27. Жасур Ёқубов.