25.06.2019
Учрашув одатдагидек вакилларимизнинг ҳужумлари остида бошланди. 8-дақиқада ҳисобни очиш учун яхши имкониятга эга бўлгандик. Футболчиларимиз ижросидаги ажойиб комбинация Иқбол Маликжоновнинг зарбаси билан якун топди. Унинг зарбасини рақиб посбони бартараф этди. 18-дақиқада дарвозамиз томон пенальти белгиланди. Пенальтини эса Смит Медина аниқ амалга ошириб, учрашувда ҳисобни очди. 23-дақиқада яна бир хавфли вазиятни вужудга келтирдик. Қанотдан оширилган тўпни Шахбоз Эркинов боши билан рақиб дарвозасига йўллади. Зарбага бироз аниқлик етишмади. 25-дақиқада Суҳроб Бердиевнинг кучли зарбасини рақиб посбони қийинчилик билан бартараф этди. 39-дақиқада жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлдик. Мурод Холмуҳаммедовнинг жарима майдончасига оширган тўпга шериклари етиб кела олишмади. Натижада хавф бартараф этилди. 42-дақиқада Шахбоз Эркиновнинг боши билан берган зарбаси “ўхшамади”. Тайм охирида футболчиларимиз рақиб дарвозаси олдида босимни кучайтиришганига қарамай, танаффусга қадар ҳисоб ўзгаришсиз қолди.
Иккинчи бўлимни ҳам вакилларимиз шиддатли тарзда бошлашди. 49-дақиқада бурчакдан оширилган тўпни Шахбоз Эркинов рақиб дарвозасига боши билан аниқ йўллаб, ҳисобни тенглаштирди. 65-дақиқада захирадан майдонга тушган Қувондиқ Рўзиевнинг зарбаси химоячига тегиб майдонни тарк этди. 77-дақиқада Ислом Абдуллаев жамоамизни муқаррар голдан сақлаб қолди. Дарвозабонимиз бирга-бир вазиятда рақибдан устун келди. 80-дақиқадаги ҳужумимиз ҳам рақиб дарвозаси олдида хавфли вазиятни вужудга келтириш билан якун топди. Сўнгги дақиқаларда футболчиларимиз катта куч билан олдинга ўтишди. Рақиб дарвозаси олдида кетма-кет ҳужумлар уюштрилди. Бироқ улардан фойдалана олмаслик натижасида асосий вақт дуранг натижа билан якун топди.
Ғолибни аниқлаш қўшимча бўлимлар ўтказилди. Биринчи экстра таймни футболчиларимиз фаол тарзда бошлашди. 93-дақиқада ажойиб комбинациядан кейин Мерзляковнинг зарбасига бироз аниқлик етишмади. 99-дақиқада стандарт вазиятдан кейин рақиб дарвозаси олдида яна бир қулай имконият вужудга келганди. Шахбоз Эркиновнинг зарбаси бироз ноаниқ кўриниш олди. Биринчи экстра таймнинг сўнгги дақиқасида вакилларимиз жарима тўпи тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Мурод Холмуҳаммедовнинг зарбаси ноаниқ бўлди.
Иккинчи экстра тайм ҳам қўқонликларнинг устунлигида бошланди. 110-дақиқада Қувондиқ Рўзиев бир қатор рақибларини алдаб ўтиб, жарима майдончаси ичидан зарба йўллади. Унинг аниқ ва кучли зарбасини Черемисин маҳорат кўрсатиб қайтариб қолди. Орадан икки дақиқа ўтиб, футболчиларимиз барибир ўз мақсадларига эришишди. Жавоҳир Эсонқулов кучли зарбаси билан Черемисинни доғда қолдирди. Унинг қайчи усулида тепган тўпи рақиб дарвозасидан ўрин олди.
117-дақиқада меҳмонлар ҳисобни тенглаштиришди. Мақсуд Каримов юзага келган имкониятдан унумли фойдаланиб, дарвозамизни аниқ нишонга олди.
Эсктра таймларда ҳам ғолиб аниқланмагач, навбат пенальтилар сериясига келди. Узоқ давом этган футбол лотореясида эса омад меҳмонлар томонида бўлди. Футболчиларимиз еттинчи зарбада адашишди. Аниқроғи, Аваз Маматхўжаевнинг зарбасини рақиб посбони қайтарди ва “Қизилқум”ни кейинги босқичга олиб чиқди.
Coca Cola Ўзбекистон кубоги
3-босқич
“Қўқон-1912” – “Қизилқум” – 2:2 (0:1) пен серияси – 6:7
Ҳакамлар: Шавкат Насибуллаев, Тимур Галеев, Равил Шояхметов, Иброҳим Исмоилов,
Назоратчи: Рашид Айтеков.
Комиссар: Сардор Қудратуллаев.
Голллар: Шаҳбоз Эркинов (49) , Жавоҳир Эсонқулов (112). – Смит Медина (19 пен).
“Қўқон-1912”: 1. Ислом Абдуллаев, 7. Жамшид Ҳасанов (8. Муҳаммаданас Ҳасанов -83), 11. Тимур Ҳакимов (10. Қувондиқ Рўзиев – 57), 15. Ойбек Рустамов, 16. Жасур Ҳасанов (14. Авазхон Маматхўжаев -70), 19. Суҳроб Бердиев, 20. Иқбол Маликжонов, 22. Шахбоз Эркинов (13. Жавоҳир Эсонқулов -106), 23. Александр Мерзляков, 65. Марко Милич, 70. Мурод Холмуҳаммедов.
Захира: 25. Сарвар Каримов, 17. Бехруз Садиллоев, 21. Тимур Усмонов, 27. Жасур Ёқубов, 99. Дилшод Баратов.
“Қизилқум”: 1. Евгений Черемисин, 4. Эркин Бойдуллаев, 7. Мурод Бобожонов (30. Элгужа Григалашвили -77), 10. Алишер Саноев (36. Хуршид Олимов -97), 18. Элдор Бойматов, 21. Муҳсин Убайдуллаев, 23. Шерали Жўраев, 25. Азизбек Усмонов (19. Миржалол Қосимов -85), 44. Мақсуд Каримов, 97. Суҳроб Ярашев (8. Акмал Рустамов – 100), 99. Ариганер Смит Медина.
Захира: 22. Артём Макосин, 28. Сардор Жаҳонов.